UzNIF IPOсида ўзбекистонликлар ўртача 31,5 млн сўмдан акция сотиб олди

Кеча 17:352 дақиқа

Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро IPOда маҳаллий инвесторлар фаол қатнашди. IPO доирасида 214,6 млрд сўмлик UzNIF акциялари сотилган бўлса, уларнинг катта қисмини чакана инвесторлар харид қилди. Бу UzAuto Motors’ни ортда қолдирган ҳолда, мамлакат тарихидаги акцияларнинг энг йирик оммавий чиқарилиши бўлди.

UzNIF IPOсида ўзбекистонликлар ўртача 31,5 млн сўмдан акция сотиб олди

Ўзбекистон фуқаролари Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) IPOсида ўртача 31 млн 520 минг сўмдан акциялар харид қилган. Бу ҳақда 20 май куни IPO натижаларига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тадбирда Templeton Asset Management бош ижрочи директори ва Templeton Global Investments бош инвестиция директори Манраж Сеҳон, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев, шунингдек компаниянинг Марказий Осиё бўйича раҳбари Мариус Дан қатнашди.

13 май куни, UzNIF IPO бўйича натижаларни маълум қилганди. Таклиф доирасида жамғарманинг 31 фоиз акциялари 603,6 млн долларга сотилди.

Келгуси 30 кун ичида қўшимча жойлаштириш опциони доирасида яна 3,5 млн донагача GDR сотилиши мумкин. Агар ушбу механизм тўлиқ ишга туширилса, IPO доирасида сотилган улуш 35 фоизгача, жалб қилинган маблағ ҳажми эса 692 млн долларгача етади.

Тадбирда маълум қилинишича, Ўзбекистон тарихидаги илк халқаро IPOга қизиқиш юқори бўлиб, умумий талаб 2,9 млрд долларни ташкил қилди. Бунда асосий қизиқиш Буюк Британия (41 фоиз) ва АҚШ (37 фоиз) ҳисобига тўғри келди.

Инвесторлар орасида тақсимланган акцияларда эса Буюк Британия яққол пешқадам бўлди — 59 фоиз. АҚШдаги инвесторлар учун IPOдан 30 фоиз улуш тақдим қилинди.

Маҳаллий инвесторларнинг IPOдаги улуши эса 3 фоиз бўлиб, 214,6 млрд сўм ёки 17,7 млн долларни ташкил қилди. Бунда акцияларнинг 71,6 фоизи чакана инвесторлар ҳисобига тўғри келди.

Бу кўрсаткичлар билан UzNIF Ўзбекистон тарихидаги энг йирик IPOга айланди. Аввалги энг йирик IPO UzAuto Motorsга тегишли бўлиб, компания кутилганидан уч баробар кам — 56,9 млрд сўм жалб қила олганди.

1

UzNIF IPOсида 5 мингга яқин маҳаллий чакана инвестор қатнашган бўлса, уларнинг ўртача хариди 31,5 млн сўм бўлди.

Ўзбекистонликлар учун акциялар нархи 4,65 сўм қилиб белгиланган бўлиб, 12 млрд сўмгача буюртма берган инвесторларга 5 фоизлик чегирма қўлланилди. Натижада улар акцияларни 4,41 сўмдан харид қилди.

18 май, савдоларнинг биринчи кунида UzNIF акциялар Тошкент фонд биржасида 70 фоиздан кўпроқ қимматлади. 1 дона акция нархи 7,5 сўмгача кўтарилди.

Бироқ, кейинчалик шу куни бозорда нархларнинг тўғирланиши содир бўлди ва акциялар кунни 5,46 сўм нарх билан якунлади. 20 май ҳолатига кўра, жамғарманинг 1 дона акцияси нархи 5,78 сўмни ташкил қилмоқда.

Маълумот учун, UzNIF Ўзбекистондаги 13 та стратегик давлат активлари улушидан шакллантирилган. Улар орасида Uzbekistan Airways, Саноатқурилишбанк, Ўзбекистон темир йўллари каби йирик активлар бор.

Теглар

Мавзуга оид