Logo

«Uzum bank»дан «Agrobank»гача: Марказий банк бир қанча молия ташкилотларини жаримага тортди

Бугун 17:182 дақиқа

Регулятор «Сирли мижоз» назорат тадбири доирасида 14 та банкка 681,5 млн сўм жарима қўллади. Бунда «Agrobank»ка нисбатан 255 млн сўм, «SQB»га нисбатан 119,5 млн сўм жарима белгиланди.

«Uzum bank»дан «Agrobank»гача: Марказий банк бир қанча молия ташкилотларини жаримага тортди

Марказий банк ўтказилган текширувлар натижасида бир қанча банклар ва микромолия ташкилотлари жаримага тортилганини маълум қилди. Улардан 3 та банк номи очиқланди.

Регуляторга кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида «Shaffof-moliya» ва «Tezcoin» микромолия ташкилотларида ҳамда «Uzum bank»да ўтказилган текширувлар давомида қонунчилик талабларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди.

Текширувларда микромолия ташкилотлари томонидан микрокарз ажратишда қарз юки талабларига риоя этилмагани, мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби бузилгани, кредит шартномаларида мажбурий маълумотлар тўлиқ акс эттирилмагани ҳамда кредит тарихи бўйича маълумотлар кредит бюроларига ўз вақтида тақдим этилмагани аниқланди.

«Uzum bank»да эса банк расмий сайтида ахборот бериш бўйича талаблар бажарилмагани, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича қонунчилик талабларига риоя қилинмагани, кредит тарихи маълумотларини тақдим этиш талаблари бузилгани, истеъмолчилар билан тузилган шартномаларга қонунда белгиланган талаблар киритилмаганлиги қайд этилган.

Аниқланган қоидабузарликлар натижасида Марказий банк томонидан:
«Shaffof-moliya» микромолия ташкилотига нисбатан — 201 млн сўм;
«Tezcoin» микромолия ташкилотига нисбатан — 156 млн сўм;
«Uzum bank»ка нисбатан — 215,5 млн сўм миқдорида жарима қўлланилди.

Маълумот учун, «Tezcoin» ва «Shaffof-moliya» микромолия ташкилотлари «Uzum» экотизими орқали молиявий хизматларни тақдим қилиб келади.

Бу иккала микромолия ташкилотига «Uzum Nasiya» платформасини бошқарувчи «Makesense» МЧЖ корхонаси эгалик қилади.

«Ipoteka bank» ҳам жаримага тортилди

Марказий банк кредит муносабатларига доир истеъмолчиларнинг мурожаатларини ўрганиш натижасида «Ipoteka bank»ни ҳам 105 млн сўм миқдорида жаримага тортди.

Регулятор мурожаатларни ўрганиб чиққанида, банк томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя этилмаганлиги маълум бўлди.

Бунда кредит қарздорликлари учун маблағлар қарз олувчиларнинг банк карталаридан тўлов жадвалида белгиланган санадан олдин ечиб олиш ҳолати кузатилган.

Шунингдек, кредит шартномасида қарз олувчи (биргаликда қарз олувчи)га тегишли бўлган банк картасидан маблағлар кредит қарздорликлари учун акцептсиз (розиликсиз) ечиб олиниши белгиланмаган бўлса-да, маблағлар акцептсиз ечиб олинган.

Яна 14 та банкка жарима

Шу билан бирга, Марказий банк биринчи чоракда банкларнинг ҳудудлардаги филиаллари ва алоҳида бўлинмаларида «сирли мижоз» усулидаги назорат тадбирлари ўтказди.

Бунда банклар томонидан истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни ташкил этишда ошкоралик, шаффофлик, ахборотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигига оид қонунчилик талабларига риоя этилмаганлик ҳолатлари кузатилди.

Марказий банк томонидан юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликлар хусусияти, миқёси, давомийлиги ва бошқа ҳолатлар инобатга олинган ҳолда 14 та банкка нисбатан жами 681,5 млн сўм жарима санкцияси қўлланилди.

Шундан, «Agrobank»ка нисбатан 255 млн сўм, «Sanoatqurilishbank»ка нисбатан 119,5 млн сўм жарима белгиланди.

Теглар

Мавзуга оид