«Ваҳимага ўрин йўқ» — вазирлик телефон рақамлар савдосига изоҳ берди
Рақамли технологиялар вазирлиги виртуал рақамлар сотилаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, бундай хизматлар фуқароларнинг шахсга доир маълумотларига таҳдид туғдирмаслигини маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўзбек телефон рақамлари норасмий серверларда сотувга қўйилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Ушбу ҳолат юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги расмий баёнот билан чиқди.
Вазирликка кўра, тарқалган скриншотлар норасмий онлайн сервис — smsfast.com платформасидан олинган. Мазкур хизматда нафақат Ўзбекистон, балки АҚШ, Канада, Буюк Британия, БАА, Португалия ва Вьетнам каби давлатларга оид виртуал рақамлар ҳам мавжуд.
Қайд этилишича, бундай виртуал рақамлар фақат қисқа муддатли фойдаланиш учун мўлжалланган. Улар орқали ижтимоий тармоқлар, электрон почта ва бошқа платформаларда рўйхатдан ўтиш учун бир марталик SMS-код — OTP олиш мумкин, холос.
«Виртуал рақамлардан телефон рақами сифатида фойдаланиб бўлмайди ва интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти мавжуд эмас. Шу билан бирга, фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини ноқонуний қўлга киритиш имкони мавжуд эмаслиги сабабли ваҳимага ўрин йўқ», — дейилади вазирлик баёнотида.
«Тизим жорий этилиб, доимий такомиллаштириб борилмоқда»
Шунингдек, вазирлик ахборот технологиялари орқали содир этиладиган жиноятларга қарши чоралар кучайтирилганини маълум қилди. Хусусан, барча мобил алоқа операторлари тармоқларида рақамларни сохталаштириш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизими жорий этилган ҳамда мунтазам такомиллаштириб борилмоқда.
Вазирлик таъкидлашича, сохта рақамлардан фойдаланиш орқали фейк аккаунтлар яратиш ҳолатлари бугунги кунда глобал муаммога айланган.
Маълумот учун, Адлия вазирлиги томонидан 2026-йил 6-январда тасдиқланган «Телекоммуникациялар хизматларини кўрсатиш қоидалари»га кўра, оператор ва абонент ўртасида шартнома тузиш эндиликда юзни биометрик идентификациялаш (Face-ID) орқали тасдиқланади.
Бундан ташқари, my.gov.uz порталидаги «Менинг рақамларим» хизмати орқали фойдаланувчилар ўз номига расмийлаштирилган барча мобил рақамларни кузатиб бориш имконига эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 60 минг ўзбекистонликларнинг маълумотлари даркнетга сизиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.





