Виза хизматларини кўрсатадиган бир қатор компаниялар устун мавқе ва устун музокара кучига эга деб тан олинди
Устун мавқега эга бўлган корхоналар ўз хоҳишига кўра рақобатчилардан мустақил равишда бозор қоидаларини, нархларни ва шартларни ўзгартириш ҳамда бошқа компанияларнинг бозорга киришига ёки эркин фаолият юритишига тўсқинлик қила олиши мумкин.
© biometricupdate.comРақобат қўмитаси бир қатор компанияларни устун мавқега ва устун музокара кучига эга деб эътироф этди.
Маълумотларга кўра, қўмита товар ва хизмат бозорларида рақобат муҳитини ўраниш ҳамда рақобат тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш доирасида чет эл давлатларига чиқиш учун виза хизматларини кўрсатиш бозори таҳлил қилган.
Натижада «VFS Global Services UBKN» МЧЖ ва «Vizametric» МЧЖ Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасига асосан устун мавқега, «TLS Contact» МЧЖ эса 14-моддага асосан устун музокара кучига эга деб эътироф этилган.
«VFS Global Services UBKN» МЧЖ Австрия, Венгрия, Люксембург, Нидерландия, Дания, Белгия, Болгария, Хорватия, Чехия, Эстония, Финландия, Греция, Ирландия, Латвия, Литва, Буюк Британия, Швейсария, Янги Зеландия, Исроил ва Малта давлатларига, «Vizametric» МЧЖ Америка Қўшма Штатларига чиқиш учун, «TLS Contact» МЧЖ Германия ва Франция давлатларига чиқиш учун виза хизматларини кўрсатади.
Маълумот учун, «Рақобат тўғрисида»ги Қонуннинг:
— 13-моддасига асосан товар ёки молия бозоридаги хўжалик юритувчи субъектнинг ёхуд шахслар гуруҳининг унга ўз фаолиятини рақобатлашувчи хўжалик юритувчи субъектларга боғлиқ бўлмаган ҳолда амалга ошириш ва рақобатнинг ҳолатига ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш, тегишли бозорга бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг киришини қийинлаштириш ёхуд ушбу бошқа субъектларнинг иқтисодий фаолият эркинлигини бошқача тарзда чеклаш имкониятини берадиган ҳолати устун мавқе ҳисобланади;
— 14-моддасига асосан устун мавқега эга бўлмаган хўжалик юритувчи субъект ёки шахслар гуруҳи томонидан битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги устун музокара кучи деб эътироф этилади;
— 18-моддасига асосан устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.
Ўзбекистондаги устун музокара кучига эга корхоналар рўйхати билан бу ерда танишишингиз мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитаси OLX платформасини Ўзбекистондаги онлайн эълон жойлаштириш хизматлари бозорида устун мавқега эга рақамли оператор сифатида эътироф этганди.





