
Харажатларнинг 40 фоизи — урушга: Путин Россиянинг 2026 йилги бюджетини тасдиқлади
РФ президенти Владимир Путин тасдиқлаган 2026 йил бюджети кучайган ҳарбий харажатлар, кескин қисқарган ижтимоий ёрдам ва рекорд солиқ юки билан Россия иқтисодини янада босимга қўяди.

Россия президенти Владимир Путин 2026 йилга мўлжалланган давлат бюджети ва уч йиллик молиявий режани имзолади. Ҳужжатга кўра, келаси йили бюджет даромадлари 40,27 трлн рублга етса, харажатлар 44,06 трлн рублни ташкил этади. Шу тариқа тақчиллик 3,78 трлн рубл, яъни ЯИМнинг 1,6 фоизига тенг бўлади.
Энг эътиборли қисми — харажатлар таркиби. Кремл келгуси йили армия, қурол-яроғ ва ҳарбий саноатга 12,93 трлн рубл ажратади. «Миллий хавфсизлик» деб белгиланган қўшимча 3,91 трлн рубл эса ИИВ, Росгвардия, махсус хизматлар ва ФСИН тизимларининг бюджетига тўғри келади. Жами ҳисобда 16,84 трлн рубл — бюджетнинг 38 фоизи кучишлатар тузилмалар ихтиёрига йўналтирилади. Бу СССР вақтидан буён кузатилмаган рекорд кўрсаткич.
Шу билан бирга, ижтимоий харажатлар улуши 25,1 фоизгача туширилади (уришдан олдин — 38,1 фоиз бўлган). Миллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга ажратиладиган маблағ 20 йилдаги энг паст даража — 10,9 фоизни ташкил этади.
Даромад қисмида ҳам вазият жиддий: нефт-газдан тушум ҳар йили камаймоқда. 2026 йилда бу йўналишдан 8,9 трлн рубл олиниши кутилмоқда — жорий йилдагидан деярли фарқсиз. Қолган камомадни тўлдириш учун ҳукумат янги солиқ юкини жорий қилмоқда: қўшимча 2,9 трлн рублни нефтга алоқаси йўқ бизнесдан тўплаш режалаштирилган.
2026 йилдан Россияда қўшилган қиймат солиғи 22 фоизга кўтарилади. Кичик бизнес учун соддалаштирилган солиқ тизимини кескин чекловчи янги солиқ ислоҳотлари амалга киритилади. Бундан ташқари, сентябр ойидан «технологик йиғим» — маиший техника ва электроника сотувига қўшимча солиқ жорий этилади.
Шу орқали ҳукумат миллиардлаб рубл йиғишни режалаштирар экан, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий дастурлар кескин қисқартирилди. Жумладан, «Фаол ҳаёт» миллий лойиҳаси 26 фоизга камайтирилади, бирламчи тиббий ёрдам модернизацияси 2,3 бараварга қисқартилади, шошилинч ёрдам ва қатор касалликларга қарши дастурлар ҳам сезиларли даражада маблағ йўқотади.





