add

ХДП пойтахтда «пулли парковка» нархларини қайта кўриб чиқишга чақирди

20.11.2025 | 20:382712 Дақиқа

Унга кўра, Тошкент шаҳридаги пулли автомобил тўхташ жойлари нархлари аҳоли даромадларига мос эмас.

ХДП пойтахтда «пулли парковка» нархларини қайта кўриб чиқишга чақирди

Халқ демократик партияси депутатлари Тошкент шаҳридаги автомобиллар учун пулли тўхташ жойларидаги нархларни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарори билан 14 мингга яқин пулли автомобиль тўхташ жойлари ташкил этилиши белгиланган. Партия хабарига кўра, пойтахт кўчаларида автомобил қўйиш жойларидан фойдаланиш ҳақи соатига 12 минг сўмдан бошлаб белгилангани, тушаётган маблағлар бўйича очиқлик ва ҳисобдорлик етишмаётгани жамоатчилик орасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланишича, бундай тизим аҳолининг даромадлари ва имкониятларига мос бўлиши, ҳаётий зарур эҳтиёжлари ҳисобга олиниши лозим.

«Масалан, пойтахт маркази ва унга яқин ҳудудларда ишлаётган юртдошларимиз иш вақти давомийлиги бўйича автомобилларини 8 соат атрофида пулли тўхташ жойларида қолдиришига тўғри келмоқда. Демак, кунлик тўлов 100 минг сўм атрофида бўлиб, ойлик тўлов меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан ҳам ортиб кетмоқда. Бу эса фуқароларнинг ўртача даромадларига қанчалик тўғри келаётгани жиддий масалага айланмоқда.

Пулли тўхташ жойлари бизга ҳар томонлама яқин бўлган қўшни давлатларда ҳам ташкил этилган. Уларда тўхтаб туриш нархи бир неча баробар арзон. Демак, биздаги тариф миқдори иқтисодий мантиқ ва ижтимоий адолат мезонларидан анча узоқлиги кўринмоқда», – дейилади баёнотда.

ХДП пойтахт пулли тўхташ жойлари бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиб, айрим таклифларини берди.

Биринчи таклиф: оммавий фойдаланишдаги хизмат учун ҳар қандай тариф ёки йиғим миқдорини белгилашда аҳолининг реал даромадлари, ижтимоий ҳимоя даражаси ва ҳаётий эҳтиёжлари инобатга олиниши зарур;

Иккинчи таклиф: белгиланган тарифлар иқтисодий асосланиши, қайта кўриб чиқилиши, маблағлар қаерга тушаётгани, уларнинг қандай сарфланиши ҳақида маълумотлар кенг жамоатчиликка очиқланиши керак;

Учинчи таклиф: ижтимоий обектлар, хусусан, давлат тиббий муассасалари, давлат хизматлари кўрсатиладиган марказлар ва «Инсон» марказлари, шунингдек кутубхоналар олдидаги пулли тўхташ жойларидан маълум вақт давомида бепул фойдаланиш имкониятини яратишни назарда тутиш лозим;

Тўртинчи таклиф: савдо корхоналари, хизмат кўрсатиш, тиббиёт, спорт ва маданий-кўнгилочар муассасалар ҳудудидаги тўхташ жойларининг камида 5 фоизи имтиёзга эга шахслар учун бепул ажратилиши қатъий таъминланиши керак ҳамда мазкур меъёрни ошириш имкониятлари ҳам кўриб чиқилиши мақсадга мувофиқ;

Бешинчи таклиф: қатор пулли тўхташ жойлари “қатнов қисмида тўхташ тақиқланади” белгиси ўрнатилган йўл қисмларида ташкил этилаётгани “пул тўланса – мумкин”, деган хулосани бермоқда. Йўл ҳаракати қоидаларига кўра тўхташ тақиқланган жойда тўловдан кейин тўхташ мумкин бўлаётгани тенглик тамойилларига зиддир.

Теглар

Мавзуга оид