add

Хитой–Япония ўртасидаги таранглик 491 минг авиачиптани чипакка чиқарди

Хитой ва Япония ўртасидаги сиёсий тортишув оқибатида юз минглаб рейс бекор қилинди, ҳаво қатновлари COVID даврини эслатмоқда.

Хитой–Япония ўртасидаги таранглик 491 минг авиачиптани чипакка чиқарди

Хитой ва Япония ўртасидаги кескинлик туризм ва авиация соҳасига жиддий таъсир ўтказди. Жума кундан бошлаб фақатгина Хитойда Японияга белгиланган 491 мингта авиабилет бекор қилинди. Бу Токио йўналишидаги умумий бронларнинг 32 фоизини ташкил этади.

South China Morning Post хабарига кўра, бекор қилинган қатновлар сони шанба куни 82,1 фоизгача етган бўлса, душанбада ҳам бу кўрсаткич 75,7 фоизни ташкил этди. Бу COVID-19 пандемияси бошланган 2020 йилдан бери кузатилган энг йирик авиабекор қилиш тўлқини сифатида қайд этилмоқда.

Хитой Маданият ва туризм вазирлиги мамлакат фуқароларини Японияга саёҳат қилишдан огоҳлантирди. Японияда бўлиб турганлар эса хавфсизлик нуқтайи назаридан эҳтиёт бўлишга чақирилди. Шу муносабат билан Хитой авиакомпаниялари Японияга рейслар учун авиабилетларни бепул қайтариш имкониятини эълон қилди.

Жанжал Япония бош вазири Санаэ Такаичининг 7 ноябрдаги баёнотидан сўнг янада авж олди. Унда Хитой томонидан Тайванга ҳарбий ҳаракат бошланса, бу Япония хавфсизлигига таҳдид солиши ва мамлакатни жавоб чораларини кўришга мажбур қилиши айтилган. Бу баёнот ортидан Япония Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Масааки Канаи Пекинга бориб, вазиятни юмшатишга уриниб кўрди.

Айни пайтда, Япония Миллий туризм ташкилоти сентябр ойида 3,2 миллионга яқин хорижий сайёҳни қабул қилганини маълум қилган эди. Улар орасида энг катта гуруҳни айнан хитойлик сайёҳлар ташкил этган.

Теглар

Мавзуга оид

Хитой–Япония ўртасидаги таранглик 491 минг авиачиптани чипакка чиқарди | Vaqt.uz