add

Хитойда одамсимон роботлар ўқитиладиган мактаб очилди

Кеча 18:382202 дақиқа

Ушбу мактаб саноат, тиббиёт ва маиший соҳалар учун инсонга яқин робот-ёрдамчиларни тайёрлашга хизмат қилиши қайд этилган.

Хитойда одамсимон роботлар ўқитиладиган мактаб очилди

Пекин шаҳрида одамсимон роботларни ўқитишга ихтисослашган янги ўқув маркази ўз фаолиятини бошлади, дея хабар берди «People’s Daily Online» нашри. Лойиҳа Хитойда робототехника ва сунъий интеллект соҳасини амалий қўллаш орқали янги босқичга олиб чиқишга қаратилган.

Маълум қилинишича, ушбу таълим муассасасининг асосий мақсади ишлаб чиқариш корхоналари, тиббиёт муассасалари ҳамда кундалик турмушда инсонга ёрдам бера оладиган юқори малакали механик ёрдамчиларни тайёрлашдан иборат. Марказда роботлар назарий билим эмас, балки реал иш шароитига яқин муҳитда амалий кўникмаларни ўзлаштирмоқда.

Икки қаватдан иборат марказ лабораториядан кўра кўпроқ кино суратга олиш майдончасини эслатади. У ерда ишлаб чиқариш линиялари, яшаш хоналари ва логистика терминалларининг тўлиқ ўлчамдаги аниқ нусхалари яратилган. Бу эса роботларни ҳақиқий иш жойларида учрайдиган вазиятларга тайёрлаш имконини беради.

Марказда асосий эътибор бўйи 1,66 метр бўлган “Kuafu” одамсимон роботига қаратилган. У инсон фаолиятидан деярли фарқ қилмайдиган муҳитда ҳаракатланиш, буюмларни ушлаш ва аниқ вазифаларни бажаришни ўрганмоқда. Синф модуллари турли иш сценарийларини акс эттириш учун доимий равишда ўзгартириб борилади.

Ўқитиш индивидуал машғулотлар асосида ташкил этилган. Ҳар бир роботга икки нафар инструктор бириктирилади: улардан бири VR гарнитура орқали робот ҳаракатларини масофадан бошқаради, иккинчиси эса сенсор маълумотларини кузатиб, барча жараённи қайд этади. Бир неча соатдан сўнг инструкторлар ролларни алмаштиради.

Марказ раҳбари Чжу Кайнинг таъкидлашича, роботларнинг самарали ишлаши учун уларни турли вазиятларда мунтазам машқ қилдириш талаб этилади. Масалан, роботга оддий товани эҳтиёткорлик билан плитага қўйишни ўргатиш учун ушбу ҳаракат 1250 марта такрорланган.

Ҳозирда марказда 110 нафар ёш мутахассис фаолият юритмоқда. Ушбу лойиҳа келгусида Хитойда инсон меҳнатини қисман алмаштира оладиган интеллектуал роботларни оммавий жорий этиш учун муҳим тажриба майдони бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Теглар

Мавзуга оид