Хитойдан Эрон ва АҚШга чақириқ: можарони Яманга ёйманг
Пекинда Хитой ва Эрон ташқи ишлар вазирлари ўртасида бўлиб ўтган музокараларда Хўрмуз бўғозини очиш ҳамда 17 июндаги ўзаро англашув меморандумига қайтиш масалалари кўтарилди.
© Foto: TASSХитой раҳбарияти Эрон ва АҚШ ўртасидаги можаронинг Яман ҳудудига кенгайишига қарши чиқди ҳамда томонларни жорий йилнинг 17 июн кунги ўзаро англашув меморандумига қайтишга чақирди. Бу ҳақда Хитой ташқи ишлар вазири Ван Йи Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи билан Пекинда бўлиб ўтган учрашув вақтида маълум қилди.
Шунингдек, расмий Пекин Хўрмуз бўғозининг аввалги форматдаги ишини тиклаш тарафдори эканини билдирган. Таъкидланишича, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатларнинг давом этиши ҳеч кимнинг манфаатига мос келмайди.
Аббос Арақчининг Пекинга ташрифи жорий йилнинг 28 феврал куни Яқин Шарқда Америка-Исроил тажовузи бошланганидан бери иккинчиси бўлди (вазирнинг бундан олдинги ташрифи май ойида амалга ошган эди). Музокаралар Теҳрон томонидан қўллаб-қувватланувчи «Ансоруллоҳ» (ҳусийчилар) ҳаракати Яманда ҳукумат позицияларига қарши муваффақиятли ҳужум операцияларини олиб бораётган бир вақтда ўтказилди. Ван Йи ўз ҳамкасбига Эрон атрофидаги можаро Яманга дахл қилмаслиги кераклигини тушунтирган.
«Биз минтақадаги кескинлик Яман ва Қизил денгизга тарқалишини хоҳламаймиз. Барча томонларни вазиятни чигаллаштирмасликка, муаммоларни мулоқот ва музокаралар йўли билан ҳал қилишга чақирамиз», — деди Ван Йи.
Хўрмуз бўғозини очиш ва дипломатияга қайтиш
Уруш бошланганидан бери Эрон томонидан қисман тўсиб қўйилган Хўрмуз бўғозини очиш масаласи музокараларнинг асосий мавзуларидан бири бўлди. Маълумотларга кўра, Эрон томони қўшни Уммон билан мазкур кема қатнови артериясининг ишлаш режасини умумий тарзда келишиб олган, бироқ ҳозирча ҳужжатга тузатишлар киритилмоқда.
«Биз барча томонларни Хўрмуз бўғозини тезроқ очиш, халқаро денгиз йўлларида тўсиқсиз ва хавфсиз кема қатновини таъминлаш, шунингдек, энергия ресурсларини халқаро ташиш ва таъминот занжирлари барқарорлигини сақлаш учун самарали чоралар кўришга чақирамиз», — дея таъкидлади Хитой вазири.
Шунингдек, Хитой ташқи ишлар вазири АҚШ ва Эрон ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар халқаро ҳамжамият манфаатларига мос келмаслигини айтиб, томонларни Исломободда масофавий тарзда расмийлаштирилган 17 июндаги меморандумга қайтишга ундади. Унинг сўзларига кўра, Яқин Шарқдаги мавжуд хавфсизлик тизими «мукаммал эмас ва ислоҳ қилиниши, мустаҳкамланиши керак».
Ўз навбатида, Аббос Арақчи Эрон Хитой раиси Си Жинпинг томонидан сентябр ойи бошида илгари сурилган Яқин Шарқда хавфсизликни таъминлаш тамойилларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
«Эрон Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр ва Хитой томони минтақада тинчлик ҳамда барқарорликни таъминлашда янада муҳимроқ рол ўйнашига умид қилади», — дея қўшимча қилди Эрон дипломатияси раҳбари.
Вазир, шунингдек, Теҳрон Вашингтон билан можарони дипломатик йўл билан ҳал қилишга қайтиш ниятида эканини ва 17 июндаги меморандумни ҳамон кучда деб ҳисоблашини маълум қилди.
«Эрон можарони давом эттиришдан манфаатдор эмас, дипломатия орқали ҳал қилиш йўлига қайтишга умид қилмоқда ва шу билан бирга ўз ҳуқуқ ҳамда манфаатларини қатъий ҳимоя қилиш ниятида. Эрон томони АҚШ ва Эрон ўртасидаги ўзаро англашув меморандуми ўз кучида, деб ҳисоблайди», — дея қайд этди Арақчи.
Қайд этилишича, вазирнинг бу сўзлари Эрон ТИВдаги бошқа ҳамкасбларининг баёнотларига зиддир. Хусусан, 15 июль куни Эрон ташқи ишлар вазирининг ҳуқуқий масалалар бўйича ўринбосари Қозим Ғарибободий АҚШ билан келишувлар бекор қилинганини эълон қилиб, «Бошқа "ўзаро англашув меморандуми" деб номланган ҳеч қандай келишув йўқ», — деган эди.
АҚШнинг санкциялар кампанияси ва можаронинг «иккинчи босқичи»
Хўрмуз бўғози атрофидаги бошиберк кўча сабабли Қўшма Штатлар Эроннинг иқтисодий ҳамкорларига иккиламчи санкциялар билан таҳдид қилиб, Теҳронни иқтисодий жиҳатдан бўғишга урғу бермоқда. Ушбу санкциялар кампанияси расман 24 август куни бошланди.





