Logo

Хоманаий билан видолашув: Теҳрон тарихидаги энг йирик дафн маросими бошланмоқда

Бугун 15:454 дақиқа

Эрон собиқ олий раҳбарининг дафн маросимида 100 дан ортиқ мамлакат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Туркия ва Афғонистон делегациялари иштирок этади. Маросим бир ҳафта давом этиб, Эрон ва Ироқнинг бир нечта шаҳарларида ўтказилади.

Хоманаий билан видолашув: Теҳрон тарихидаги энг йирик дафн маросими бошланмоқда © https://news-pravda.com/

Эроннинг «IRIB» давлат телерадиокомпанияси тарқатган хабарга кўра, 3 июл куни бошланадиган Эроннинг собиқ олий раҳбари Али Хоманаийнинг дафн маросимида 100 дан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашиши кутилмоқда. 86 ёшли Хоманаий 28 феврал куни, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланган илк кунда, ўз қароргоҳига берилган қўшма ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлган эди.

Олий раҳнамо билан видолашув маросими кеча тунда бошланган.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган Европа давлатларига таклифнома юбормаган.

Хотира маросимлари ҳақида нималар маълум?

Хоманаийни дафн этиш маросими дастлаб март ойига мўлжалланган эди, бироқ Эрондаги уруш чўзилиб кетгани сабабли у ортга сурилди.

Хотира тадбирлари 3 июл, жума куни Теҳронда бошланади. Дафн ва мотам юришлари 7 кун давом этади, шунингдек, Эрон ҳамда Ироқнинг турли шаҳарларида диний расм-русумлар ўтказилиши режалаштирилган.

0

Жума кунги тадбир хорижлик етакчилар энг кўп ташриф буюрадиган асосий маросим ҳисобланади. Шанба ва якшанба кунлари эса Теҳронда оммавий тадбирлар бўлиб ўтади. Кенг жамоатчиликнинг видолашуви учун Хоманаий ва унинг бир нечта оила аъзоларининг тобутлари Эроннинг энг йирик намозгоҳ мажмуаларидан бири — Йирик Мусалла мажмуасига қўйилади.

Душанба ва сешанба кунлари мотам юришлари жанубга, Эроннинг Қум шаҳри томон йўл олади. Эрон ва Ироқ раҳбарларининг маълум қилишича, чоршанба куни Ироқнинг Нажаф халқаро аэропортида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтади, сўнгра Ироқнинг Нажаф ва Карбало шаҳарларида оммавий юришлар ташкил этилади.

Шундан сўнг, жасад жума куни якуний дафн маросими учун Хоманаий туғилган шаҳар Машҳадда жойлашган Имом Ризо мақбарасига қайтарилади.

Қайси давлатлар олий даражада вакил юбормоқда?

  • Покистон: Покистон Ташқи ишлар вазирлиги берган баёнотида бош вазир Шаҳбоз Шариф Эрон собиқ олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг дафн маросимида шахсан иштирок этишини маълум қилди. Покистон АҚШ ва Эрон ўртасидаги воситачиликда марказий рол ўйнади. Жумладан, апрел ойида ўт очишни тўхтатиш ҳамда июн ойида урушни якунлашга қаратилган кенг қамровли музокаралар учун асос бўлган англашув меморандумини имзолашга кўмаклашди.

  • Тожикистон: Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳам дафн маросимида қатнашади.

  • Арманистон: Арманистон бош вазири Никол Пашинян хотира тадбирида ўз мамлакати вакили сифатида иштирок этади.

  • Грузия: Грузия президенти Михаил Кавелашвили маросимда қатнашишини мамлакат расмийлари тасдиқлади.

Қайси давлатлардан юқори лавозимли расмийлар қатнашмоқда?

  • Туркия: Анқара расмийлари Туркия вице-президенти Жавдат Йилмаз Хоманаийнинг дафн маросимида иштирок этишини тасдиқлади.

  • Ҳиндистон: Ҳиндистон мамлакат номидан ташқи ишлар вазири ўринбосари ва штат губернатори қатнашишини билдирди. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, Биҳар штати губернатори Сайед Ата Ҳаснайн ва ташқи ишлар вазири ўринбосари Пабитра Маргерита жума куни Эронга боради. Ҳиндистон армиясининг собиқ лейтенант-генерали бўлган Ҳаснайн мамлакатда давлат лавозимини эгаллаб турган энг юқори мартабали шиа мазҳаби вакили ҳисобланади. Шунингдек, Ҳиндистон мухолифати етакчиларидан собиқ ташқи ишлар вазири Салмон Хуршид ва Меҳбуба Муфти ҳам делегация таркибига киритилган.

  • Хитой: Хитой Ташқи ишлар вазирлиги Хитойнинг юқори мартабали қонунчиси Хе Вэй Теҳрондаги маросимда иштирок этишини эълон қилди. У Хитой парламенти — Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари ҳисобланади.

  • Россия: Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев жума кунги маросимда қатнашади, буни Кремл тасдиқлади. Медведев Россиянинг собиқ президенти ва бош вазири ҳисобланади.

  • Афғонистон: Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Толибон ҳукуматининг Ташқи ишлар вазири Амирхон Муттақий маросимда қатнашиш учун пайшанба куни Теҳронга етиб келганини тасдиқлади. Афғонистон оммавий ахборот воситаларининг хабарига кўра, бош вазирнинг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари Абдул Ғани Бародар ҳам дафн маросимида иштирок этади.

  • Бангладеш: Бангладеш оммавий ахборот воситаларининг расмий маълумотларга таяниб хабар беришича, Бангладеш Парламенти спикери Ҳафизуддин Аҳмед Теҳрондаги давлат дафн маросимида қатнашишни режалаштирган.

Шунингдек, аввалроқ, Ўзбекистон номидан Олий  Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов бошчилигидаги делегацияси Эрондаги дафн маросимларида иштирок этиши хабар берилган эди.

Дафн маросимлари ҳақида яна нималар маълум?

Ушбу тадбир замонавий тарихдаги энг йирик оммавий дафн маросимларидан бирига айланиши кутилмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, у ўз миқёси ва кўлами билан Эрон собиқ Олий  раҳбари Оятуллоҳ Руҳуллоҳ Хомейнийнинг 1989 йилдаги дафн маросимидан ҳам ўтиб кетиши тахмин қилинмоқда. Ўшанда мотам тадбирларига 10 миллионга яқин одам йиғилган эди.

Марҳум Хоманаийнинг ўғли — Эроннинг ҳозирги олий раҳбари Можтабо Хоманаий дафн маросимида иштирок этмайди. Бу ҳақда пайшанба куни унинг Ҳиндистондаги вакили маълум қилди. Ушбу қарор Исроил томонидан Можтабо Хоманаийга нисбатан янги суиқасд таҳдидлари янграгани сабабли хавфсизлик нуқтаи назаридан қабул қилинган.

00

Эронлик ҳарбий қўмондон АҚШ ва Исроилни огоҳлантириб, мамлакат урушнинг илк кунидаги ҳаво зарбалари оқибатида ҳалок бўлган олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаийни сўнгги йўлга кузатишга тайёргарлик кўраётган бир вақтда Эронга ҳужум қилмасликка чақирди.

«Биз Эрон душманларини, хусусан АҚШ ва сионистик режимни (Исроилни) ҳар қандай янглиш ҳисоб-китоблардан тийилишга ҳамда қуролли кучларимиз мамлакатимизга қарши ҳар қандай таҳдид ва тажовузга қанчалик кескин жавоб қайтариши ҳақида ўйлаб кўришга чақирамиз», — дейилади «Хатам ал-Анбия» марказий штаби қўмондони Али Абдуллоҳийнинг давлат оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган баёнотида.

Теглар

Мавзуга оид