Янги энергетика вазири Президентга ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишлар ҳақида ҳисобот берди
Таъкидланишича, аҳолини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича 5 йиллик дастур ишлаб чиқилди.
© Foto: president.uzПрезидент Шавкат Мирзиёевга «Янгийўл тажрибаси» асосида ҳудудларда истеъмолчиларни ёқилғи-энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш, энергия самарадорлигини ошириш, тармоқлардаги йўқотишлар ва дебиторлик қарздорликни кескин камайтириш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берилди.
Аввалроқ ушбу тажриба асосида ҳар бир ҳудуддан биттадан танлаб олинган 14 та туманда намунавий тизим яратиш вазифаси қўйилган эди. Шу мақсадда ишлар «маҳаллабай» ташкил этилиб, энергетика соҳасидаги муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва манзилли чоралар кўриш йўлга қўйилди.
Бу 916 та маҳалла, 832 мингта хонадон, 49 мингта тадбиркорлик субъекти ва 2,2 мингдан ортиқ ижтимоий соҳа объектини қамраб олди. Ҳар бир маҳалла бўйича энергетик паспорт ва энергия ресурсларига талаб баланси шакллантирилди.
Натижада илк бор маҳаллалар кесимида мавжуд талаб ва имконият ўртасидаги тафовут аниқ ҳисоб-китоб қилинди. Жумладан, 265 та маҳаллада 60 мегаватт электр қуввати, 42 та маҳаллада эса йилига 47 миллион куб метр табиий газ тақчиллиги борлиги аниқланди. Айни пайтда 207 та маҳаллада қувват захираси мавжуд.
Бундай ёндашув келгусида энергия ресурсларига бўлган талабни олдиндан ҳисоблаш ва зарур инфратузилмани ўз вақтида тайёрлаш имконини беради.
Шу асосда электр ва газ тармоқларини янгилаш ишлари жадаллаштирилди. 14 та туманда 5 минг 695 та трансформатор, 6,9 минг километр электр тармоғи, 242 километр газ тармоғи ҳамда 404 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирталаб экани аниқланди. Уларнинг техник ҳолатини яхшилаб, «яшил» тоифага ўтказиш ишлари бошланди.
Ҳозирга қадар 441 та трансформатор, 1 минг 134 километр электр ва 88 километр газ тармоғи, шунингдек, 92 та газ тақсимлаш қурилмаси таъмирланди.
Аввалги йилларда инвестиция дастурлари доирасида бошланган, бироқ якунига етказилмаган объектларнинг бир қисми ҳам фойдаланишга топширилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси беш йилда мазкур туманларда энергия ресурсларига талаб 49 фоизга ошиши кутилмоқда. Шу боис, истиқболда ишга тушириладиган лойиҳаларни ҳисобга олган ҳолда аҳоли ва тадбиркорларни энергия ресурслари билан ишончли ҳамда барқарор таъминлашга қаратилган беш йиллик дастур ишлаб чиқилди.
Унда 721 та маҳаллада 2 минг 261 та трансформатор ва 7 минг 449 километр электр тармоғи, 200 та маҳаллада эса 313 та газ тақсимлаш қурилмаси ва 327 километр газ тармоғини янгилаш белгиланди.
Бу ишлар натижасида ҳудудларда қўшимча 1 минг 300 мегаватт ўтказувчанлик қуввати яратилиши кўзда тутилган.
Ижтимоий соҳа объектларидаги энергия истеъмоли ҳам ўрганилди. Жами 1 минг 938 та объектнинг энергия сарфи таҳлил қилиниб, самарадорлиги паст бўлган 226 таси “қизил” тоифага киритилди. Уларни энергия самарадор тизимга ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, амалий ишлар бошланди.
Ушбу чора-тадбирлар натижасида йилига 4,3 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 2,1 миллион куб метр табиий газни тежаш имконияти яратилади. Давлат раҳбари 14 та туманда қўлланган мазкур ёндашув билан чекланиб қолмасдан, уни республиканинг барча туманларида жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Барча ҳудудларда ишларни «маҳаллабай» ташкил этиш, энергетик паспортлар ва энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқларнинг ҳолатини манзилли ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.
Йиғилишда Самарқанд вилояти ҳудудий электр тармоқлари бошқарувини хорижий инвесторларга бериш ҳамда «Сурхон – Пули-Хумри (Афғонистон)» юқори кучланишли тармоғини барпо этиш лойиҳаларини жадаллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.





