
Япония айиқларга қарши курашиш учун армияни сафарбар қилди
Айиқлар босқини аҳолининг аксарияти қариб ва камайиб бораётган, йиртқичларни ҳайдаб солишга қодир овчилар деярли қолмаган ҳудудларда кузатилмоқда.

Япония ҳокимияти мамлакатнинг шимолий қисмини қамраб олган айиқлар ҳужуми тўлқинига жавобан мисли кўрилмаган чоралар кўрди.
Хориж оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, деярли ҳар куни ҳужумлар содир бўлаётган Акита префектурасида хавфсизликни таъминлаш операцияларига қўшин жалб этилган.
Қўнғир ва Ҳимолай айиқлари билан тўқнашувлар ҳақидаги хабарлар бутун Шимолий Япониядан — тоғли ҳудудлардан шаҳар атрофларигача келиб тушмоқда. Йиртқичлар мактаблар, вокзаллар, супермаркетлар ва ҳатто машҳур иссиқ булоқли дам олиш масканлари яқинида кўзга ташланмоқда. Баъзи ҳужумлар фожиали тус олмоқда.
Япония Атроф-муҳит вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг апрел ойидан буён айиқлар ҳужумидан юздан ортиқ одам жароҳат олган, камида ўн икки киши ҳалок бўлган. Мутахассислар тажовузкорликнинг кучайишини қиш уйқуси мавсуми олдидан тоғларда озиқ-овқат танқислиги ва ҳайвонлар сонининг кўпайиши билан изоҳлашмоқда.
Айиқлар босқини аҳолининг аксарияти қариб ва камайиб бораётган, йиртқичларни ҳайдаб солишга қодир овчилар деярли қолмаган ҳудудларда кузатилмоқда. Энди бу вазифаларни хавфли ҳудудларда патруллик қиладиган ва фавқулодда хизматларга кўмаклашадиган ҳарбий бўлинмалар бажармоқда.





