Япония қурол экспорти бўйича чекловларни бекор қилди
Япония ҳукумати ўн йиллаб амал қилган чекловларни юмшатиб, қурол экспортини кенгайтиришга рухсат берди.

Санаэ Такаичи бошчилигида Япония ҳукумати мудофаа маҳсулотлари экспорти бўйича қоидаларни тубдан қайта кўриб чиқди. Янги қарорга кўра, мамлакат энди қирувчи самолётлар, ракеталар ва ҳарбий кемалар каби кенг турдаги қуролларни хорижга сотиши мумкин бўлади.
Бу ўзгариш Япониянинг иккинчи жаҳон урушидан кейин шаклланган пацифистик сиёсатидан сезиларли чекиниш сифатида баҳоланмоқда. Илгари мамлакат фақат қутқарув, транспорт, кузатув, огоҳлантириш ва миналарни тозалаш каби чекланган йўналишлардаги техника экспортига рухсат берган эди.
Янги сиёсат мазмуни
Янги қоидаларга кўра, барча турдаги мудофаа ускуналарини экспорт қилиш мумкин, бироқ ҳар бир ҳолат алоҳида тарзда давлат назоратидан ўтади. Шунингдек, учинчи давлатларга қайта сотишга нисбатан қатъий чекловлар сақланади.
Такаитига кўра, бу қарор мамлакат хавфсизлигини таъминлаш ва халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида қабул қилинган. У Япониянинг “тинчликпарвар давлат” сифатидаги тамойиллари ўзгармаслигини таъкидлади.
Геосиёсий омиллар таъсири
Янги сиёсат глобал можаролар фонида қабул қилинди. Мутахассислар бу қарорни минтақадаги хавфсизлик таҳдидлари, жумладан Хитой билан боғлиқ зиддиятлар ва Шарқий Хитой денгизи атрофидаги ҳолат билан изоҳламоқда.
Хитой расмийлари бу қарорни танқид қилиб, Япониянинг “ҳарбийлашуви”дан хавотир билдирган.
Шу билан бирга, Австралия каби давлатлар бу қадамни қўллаб-қувватлаган. Европа ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳам Япония билан мудофаа соҳасида ҳамкорликка қизиқиш билдирмоқда.
Иқтисодий ва саноат таъсири
Япония ҳукумати қурол экспортини иқтисодий ўсиш драйверларидан бири сифатида кўрмоқда. Мамлакат сўнгги йилларда ҳарбий харажатларни ошириб, уни ЯИМнинг тахминан 2 фоизига етказди.
Янги сиёсат маҳаллий мудофаа саноатини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва Японияни глобал қурол таъминот занжирларига янада чуқурроқ интеграция қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, айрим экспертлар бу қарор Япониянинг узоқ йиллик пацифистик сиёсатини заифлаштириши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.