
Японияда «одам ювадиган машина» сотувга чиқди
Mirai Human Washing Machine автоматик равишда одамни тўлиқ ювиб, қуритиб беради. Асосан люкс спа марказлари учун мўлжалланган машинанинг нархига Тошкентнинг марказидан учта уч хонали квартира олса бўлади.

Япония технология саноати яна бир ғаройиб ва инновацион маҳсулотни бозорга олиб чиқди. Science Inc компанияси одамлар учун мўлжалланган Mirai Human Washing Machine — «одам ювиш машинаси»ни расман сотувга чиқарди. Бу маълумотни Interesting Engineering нашри тасдиқлади. Ускуна жорий йил бошида Осакадаги Жаҳон кўргазмасига биринчи бор намойиш этилган бўлиб, энди япон истеъмолчилари учун ҳақиқий товарга айланди.
Капсула юқори технологияли автоматик спа-комплекс сифатида ишлайди: фойдаланувчи ичига ёнбошлаб ётади, эшик ёпилади ва машина микропуфакчалар ёрдамида бутун тана бўйлаб тозалашни бошлайди. Пуфакчалар тери ғовакларигача кириб, ёғ, кир ва ўлик ҳужайраларни самарали тозалайди. Якунда капсула ўзини ҳам ювиб тозалайди, сўнг қопқоқдан ҳаво бериб қуритади. Энг қизиғи — бутун жараён тинчлантирувчи мусиқа билан бирга кечади. Бир сеанс тахминан 15 дақиқа давом этади.
Ускунанинг ўлчамлари анчагина катта: узунлиги 2,5 метр, кенглиги 1 метр ва баландлиги 2,6 метр. Шу боис кўпчилик одамлар ичига бемалол сиғиши мумкин. Қурилмада ўрнатилган датчиклар ҳушдан кетиш, хавотир ёки бошқа саломатлик муаммоларини олдини олиш мақсадида фойдаланувчининг аҳволини доимий кузатиб боради.
Mirai Human Washing Machine нархи 60 млн япон иенаси (385 минг доллар) бўлиб, ҳозирча кенг омма учун мўлжалланмаган. Маҳсулот, асосан, премиум сегментдаги спа марказлари ва меҳмонхоналарга мўлжалланган. Компания биринчи босқичда 40–50 дона қўлбола йиғилувчи партия ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда. Бир япон меҳмонхонаси илк ускунани харид қилишга аллақачон розилик билдирган, яна 5–8 та буюртма навбатда турибди.





