Logo

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди

Ўзбекистонда қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жорий йил бошидан буён ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 28 фоизга ошди.

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди © hightech.fm

2026 йил 8 июн куни соат 13:00 ҳолатига кўра, мамлакатдаги қуёш ва шамол электр станциялари томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси ҳажми 5 млрд kWhдан ошди.

Жумладан, қуёш фотоэлектр станциялари томонидан 3 млрд 48 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, шамол электр станциялари ҳиссасига 1 млрд 952 млн kWh тўғри келди. Шу тариқа умумий ҳажм 5 млрд kWhга етди.

14 май куни мазкур кўрсаткич 4 млрд kWhни ташкил этган эди. Бу эса қайта тикланувчи энергия объектларида ишлаб чиқариш суръатлари юқори бўлиб қолаётганини кўрсатади.

Газ тежалиши ошди

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, йил бошидан ишлаб чиқарилган 5 млрд kWh яшил энергия натижасида 1,3 млрд куб метр табиий газ тежаб қолинди.

Шу билан бирга, атмосферага чиқарилиши мумкин бўлган 2,9 млн тонна зарарли моддаларнинг олди олинди. Бу экологик барқарорликни таъминлаш ва углерод изини қисқартириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини кўрсатади.

Маълум қилинишича, жорий йил бошидан буён ишлаб чиқарилган яшил энергия ҳажми 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 1,1 млрд kWhга кўп бўлган.

Умумий ҳажм


8 июн ҳолатига кўра, мамлакатдаги барча гидроэлектр станциялар, шунингдек қуёш ва шамол электр станциялари томонидан жами 8 млрд 120 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди.

Бунинг натижасида 2,1 млрд куб метр табиий газ иқтисод қилинди ва атмосферага 4,6 млн тонна зарарли модда чиқарилишининг олди олинди. Мутахассислар қайд этишича, ушбу ҳажмдаги электр энергияси ўртача 6,6 млн хонадоннинг олти ойлик ёки 3,3 млн хонадоннинг бир йиллик меъёрий эҳтиёжини қоплашга етади.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йилнинг биринчи чорагида аҳолига «яшил» энергия учун давлат томонидан 73,9 млрд сўмдан ортиқ маблағ тўлаб берилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда қуёш панеллари ўрнатган тадбиркорлар ортиқча электр энергиясини давлатга сотиш тарифи 1 kWh учун белгиланган 800 сўмлик нарх 250 сўмга туширилиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон Либерал-демократик партия ташкил этган медиамулоқот давомида тадбиркорлар томонидан кўтарилди.

Тадбиркор бу қарорни иқтисодий жиҳатдан адолатсиз деб баҳолади. Унинг айтишича, тадбиркорлар электр энергиясини давлатдан 1000 сўм атрофида сотиб олаётган бир пайтда, уни 250 сўмдан сотиш мажбурияти инвестицияларнинг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

«Нимага давлатдан сотиб олсак, 1000 сўмдан сотиб оламиз, агар сотсак 250 сўмдан сотамиз – қани бу ерда адолат? Шу тўғрими? Энди 250 сўмдан сотиш иқтисодий томондан бизга қанчалик тўғри келиш-келмаслигини ўйлаб қолдик», — дея мурожаат қилди тадбиркор медиамулоқотда.

Теглар

Мавзуга оид

«Яшил» энергия ишлаб чиқариш ҳажми маълум қилинди | Vaqt.uz