Logo

Ер шари яқин орада хавфсиз ҳарорат чегарасидан чиқиб кетади

Бугун 08:002 дақиқа

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунё иқлим ўзгаришини тўхтатишда аввалги мақсадларга эриша олмаганини тан олди.

Ер шари яқин орада хавфсиз ҳарорат чегарасидан чиқиб кетади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Ер 2015 йилда қабул қилинган Париж иқлим келишувида белгиланган хавфли ҳарорат чегарасига тобора яқинлашмоқда. БМТ глобал ҳароратни хавфсиз даражага қайтариш учун ҳали ҳам имкон борлигини таъкидламоқда. Бу ҳақда «Associated Press» агентлиги хабар берди.

«Иқлим ўзгаришига қарши курашдаги стратегик чекиниш фонида БМТ инсоният глобал исишнинг энг оғир оқибатларидан айримларини бартараф этиш имкониятини бой берганини тан олди. Шу боис, эндиликда дунё ҳамжамияти ҳароратни хавфли даражадан пасайтириш ва уни яна хавфсиз меъёрга қайтариш йўлларини топиши зарур», — деб ёзади агентлик.

Агентлик маълумотларига кўра, БМТнинг атроф-муҳитга оид янги ҳисоботида сайёрадаги глобал исишнинг асосий сабаби ҳанузгача кўмир, нефт ва газ каби қазиб олинадиган ёқилғилардан фойдаланиш бўлиб қолаётгани қайд этилган.

БМТ хулосасига кўра, Ер иқлим ўзгаришининг энг оғир оқибатларидан баъзиларини четлаб ўтиш имкониятини йўқотган. Бироқ бу исишни жиловлашга қаратилган ҳаракатларни тўхтатиш кераклигини англатмайди.

«Таслим бўлиш ўрнига, олимлар ва БМТ вакиллари аввало кескин исишнинг олдини олишга, сўнгра ҳароратни келишилган меъёргача туширишга уриниб кўришни тавсия қилмоқда. Аммо бу барибир об-ҳаво билан боғлиқ табиий офатларнинг кўпайиши, денгиз сатҳи кўтарилиши, баъзи турларнинг қирилиб кетиши ҳамда музликларнинг эриши каби жараёнларнинг ўнлаб йиллар давом этишини англатади», — дея таъкидлайди агентлик.

«Инсоният иқлим ҳалокатидан қутулиб қолиш мумкин бўлган чегарадан ҳам ўтиб кетмоқда», — деди БМТ бош котиби Антониу Гутерриш.

Ҳаддан ташқари исиш даври ортда қолгач, янги стратегияга мувофиқ, қазиб олинадиган ёқилғидан фойдаланишни тўхтатиш ва саноат чиқиндиси бўлган карбонат ангидрид газини ҳаводан сўриб олувчи махсус технологияларни ишлаб чиқиш орқали ҳароратни хавфсиз чегарагача тушириш кўзда тутилган.

«Бу ҳақиқий синовдир. Биз мана шундай исиб бораётган дунёда яшашга мажбурмиз. Аммо исиш суръатини чеклаш учун ҳали ҳам кўп ишларни амалга оширишимиз мумкин», — деди ҳисобот ҳаммуаллифи, Эксетер университети иқлимшуноси Ричард Беттс.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон метеорология ташкилоти 2030 йилгача янги ҳарорат рекорди ўрнатилиши эҳтимолини 86 фоиз деб баҳоламоқда. Бундай кескин исишга «Эл-Нино» табиий ҳодисаси ва атмосферага чиқарилаётган карбонат ангидрид газлари асосий сабаб бўлади.

Теглар

Мавзуга оид