Европадаги маошлар: иш берувчиларга қандай қатъий тақиқ қўйилди?

Кеча 15:022 дақиқа

Европа Иттифоқи ишчиларнинг маошларини яширишни расман тақиқловчи янги қонун қабул қилди. Боз устига, иш берувчиларга энди номзодлардан битта муҳим нарсани сўраши қатъиян ман этилади.

Европадаги маошлар: иш берувчиларга қандай қатъий тақиқ қўйилди? © ausnews.de

Европа Иттифоқи эркаклар ва аёллар ўртасидаги маошлар тафовутини йўқ қилишга қаратилган янги қоидаларни қабул қилди. «Ausnews.de» нашри хабарига кўра, мазкур қарор меҳнат бозорини тубдан ўзгартириб, ишчиларга улкан ҳуқуқлар беради.

Статистикага кўра, Европада аёллар эркакларга нисбатан ўртача 11 фоизга камроқ маош олади. Янги қоидалар айнан шунга барҳам беришни кўзлайди. Эндиликда барча корхоналар, хоҳ корпорация, хоҳ кичик бизнес бўлсин, ишчилар маошини яшириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Иш берувчиларга бўш иш ўринларини эълон қилишда дастлабки маош миқдорини очиқ кўрсатиш мажбурияти юкланади. Суҳбат жараёнида номзоддан аввалги иш жойидаги маошини сўраш қатъиян тақиқланади.

Энг муҳими, раҳбарият энди ходимларга маошларни ҳамкасблари билан муҳокама қилишни тақиқлай олмайди. Ҳар бир ишчи ўзи билан бир хил лавозимдаги ходимлар қанча маош олаётганини билиш ҳуқуқига эга бўлади.

Иш берувчиларга янги талаблар

Қоидаларга кўра, агар ходим маош тўлашда камситилишга дуч келса, у нафақат маошдаги фарқни, балки олинмай қолган бонуслар учун ҳам товон пули талаб қилиши мумкин.

Компаниялар давлат органларига эркаклар ва аёллар маошидаги фарқ ҳақида мунтазам ҳисобот бериб бориши шарт. Агар ушбу тафовут 5 фоиздан ошса ва бунга асосли сабаб бўлмаса, раҳбарият ходимлар вакиллари билан биргаликда муаммони ҳал қилиш чораларини кўриши талаб этилади.

Ушбу талабларни менсимаганаларга йирик жарималар ва қатъий санкциялар қўлланилиши белгиланган.

Давлатлар қарорга тайёрми?

Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар 2026-йилнинг 7-июнига қадар ушбу директива талабларини ўз миллий қонунчилигига киритиши шарт. Дания, Франция ва Нидерландия каби давлатлар бунга аллақачон жиддий тайёргарлик кўрмоқда.

Францияда ҳозирнинг ўзидаёқ йирик корхоналар учун бундай талаблар қисман амал қилмоқда. Германия ва Испания эса белгиланган муддатга улгурмаслиги тахмин қилинмоқда.

Аммо Швеция бу директивага кескин қарши чиққан. Улар маош масалалари давлат эмас, балки касаба уюшмалари орқали ҳал қилинишини таъкидлаб, қоидаларни юмшатишни талаб қилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид