
Йил бошидан бери қанча одам субсидиядан фойдаланган?
2025 йилда фуқароларга тўлаб берилган субсидиялар миқдори ва ундан фойдаланганлар сони маълум қилинди. Субсидиялардан энг кўп фойдаланган ҳудуд Самарқанд вилояти бўлди.

2025 йил 1 ноябр ҳолатида Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича фуқароларга жами 1 трлн 699,8 млрд сўмлик субсидиялар ажратилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Шундан уй-жой сотиб олишда бошланғич бадал учун 16 962 кишига жами 508,9 млрд сўмлик субсидиялар ажратилди. Шунингдек, ипотека кредитлари фоиз тўловининг бир қисмини қоплаш учун 85 408 кишига жами 1 трлн 190,9 млрд сўм тўлаб берилди.

Ипотека кредитлари субсидияларидан энг кўп фойдаланган ҳудудлар қуйидагилар бўлди:
Самарқанд вилоятида 13 340 кишига 225,6 млрд сўмлик;
Андижон вилоятида 11 948 кишига 201,2 млрд сўмлик;
Фарғона вилоятида 11 505 кишига 187,3 млрд сўмлик субсидиялар тўлаб берилган.
Шу жумладан, ипотека кредити субсидияларидан энг кам фойдаланган ҳудуд сифатида Сирдарё вилояти қайд этилди. Сирдарёда 2 214 минг кишига 38,8 млрд сўмлик субсидия ажратилган.

Ушбу ипотека кредитлари бўйича давлат бюджетидан молиялаштирилган субсидия тўловларини энг кўп қуйидаги банклар ажратган:
«Milliy bank» — 394,2 млрд сўм;
«Ipoteka bank» — 369,6 млрд сўм;
«Biznesni rivojlantirish banki» — 272,7 млрд сўм.
Маълумот учун, Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ипотека кредитига субсидия олиш учун ариза бериш мумкин. Ариза берувчи 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.





