Logo

Йўл безорилиги учун автомобилни мусодара қилиш чораси таклиф этилмоқда — ЙҲХХ

Ўзбекистонда йўл безорилигига қарши жазолар кескин кучайтирилиши мумкин. Хусусан, Вояга етмаганларга руль бериш, ноқонуний пойгалар ва йўл безорилиги учун жавобгарлик кучайтирилади

Йўл безорилиги учун автомобилни мусодара қилиш чораси таклиф этилмоқда — ЙҲХХ © O‘zbekiston 24

Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қонунчиликка бир қатор ўзгартишлар киритиш таклиф этилди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, идоралараро ишчи гуруҳ томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган ва улар Президент Шавкат Мирзиёевга тақдим этилган. Таклифлар йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутади.

Хусусан, қўпол қоидабузарликларнинг беш тури учун маъмурий жазо сифатида транспорт воситасини вақтинча олиб қўйиш чорасини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, автомобилни вояга етмаган шахсга бошқариш учун бериш, ноқонуний пойгаларни ташкил этиш ёки уларда иштирок этиш учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгилаш режалаштирилган.

ЙҲХХ маълумотларига кўра, айрим ҳолатларда ота-оналарнинг транспорт воситасини вояга етмаган фарзандларига бериши ўлим ва тан жароҳати билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу билан бирга, аҳоли яшаш пунктларида ташкил этилаётган ноқонуний пойгалар ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигига жиддий таҳдид солаётгани қайд этилди.

Таклифлар орасида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда «йўл безорилиги»ни содир этган шахсларга нисбатан автомобилни мусодара қилиш ёки вақтинча олиб қўйиш чорасини қўллаш ҳам бор. Шунингдек, маст ҳолатда автомобил бошқарганлик учун 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш ҳамда қўпол қоидабузарлик содир этган ҳайдовчиларни бир йил давомида жаримани чегирма билан тўлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклиф қилинмоқда.

Теглар

Мавзуга оид