add

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд тўлов бекор қилинади

Кеча 16:552 дақиқа

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан ёнилғи қуйиш шохобчаларида тўловлар фақат нақдсиз усулда қабул қилинади.

Ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд тўлов бекор қилинади

Ўзбекистонда 2026 йил 1 апрелдан бошлаб автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида нақд пул орқали тўлов қилиш амалиёти тўлиқ бекор қилинади. Бу талаб президентнинг 2025 йил 10 декабрда имзоланган «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.

Фармонга мувофиқ, автойўлларда ва шаҳар ҳудудларида жойлашган ёнилғи қуйиш шохобчалари нефт-газ маҳсулотларини сотишда ҳамда электромобиллар учун зарядлаш хизматларини кўрсатишда фақат банк карталари ёки электрон тўлов тизимларини қабул қилиши шарт бўлади. Нақд пулда тўлов қилиш имконияти қолдирилмайди.

Мақсад яширин иқтисодиётни қисқартириш

Ҳужжатда таъкидланишича, мазкур чора мамлакатда нақдсиз ҳисоб-китоблар улушини ошириш, тўлов тизимларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажмини қисқартиришга хизмат қилади. Шу орқали солиқ тушумларини тўлиқ ҳисобга олиш ва молиявий интизомни кучайтириш мақсад қилинган.

Янги тартиб амалга кириши билан ёнилғи қуйиш шохобчалари ўз ҳисоб-китоб тизимларини тўлиқ рақамлаштириши, тўлов терминаллари ва электрон платформаларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши лозим бўлади. Бу жараён иқтисодий муносабатларда очиқликни оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Нақд пулсиз тўлов мажбурий бўлган соҳалар

2026 йил апрелидан давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлар, электр энергияси, табиий газ ва ичимлик суви учун тўловлар (банк кассалари орқали амалга оширилган тўловлардан ташқари) нақд пулсиз шаклда қабул қилинади.

Йирик харидлар учун янги талаблар

Қиймати 25 миллион сўмдан юқори бўлган товар ва хизматлар учун нақд пулда тўлаш тақиқланади. Бундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мустасно. Кўчмас мулк, ишлаб чиқарилганига 10 йил тўлмаган автотранспорт воситаларини сотишда ҳам тўлов тасдиқланмаса, битимлар расмийлаштирилмайди. Банклар ва нотариуслар ахборот тизимлари ўзаро автоматик маълумот алмашади.

Теглар

Мавзуга оид