1 августдан Ўзбекистонда нималар ўзгаради?
2026 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида иқтисодиёт, экология, суд-ҳуқуқ ва тадбиркорлик соҳаларини қамраб олувчи бир қатор муҳим ўзгаришлар ва янгиликлар кучга киради. Қуйида ушбу ўзгаришларнинг ҳар бирига батафсил тўхталиб ўтамиз.

Тошкент ва унинг атрофидаги иссиқхоналарга газ етказиб бериш тўхтатилади
Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ, Қибрай, Янгийўл, Зангиота ва Тошкент туманларида жойлашган иссиқхоналар фаолиятига жиддий чекловлар киритилмоқда. Хусусан, 1 августдан бошлаб ушбу ҳудудлардаги иссиқхоналарга табиий газ етказиб бериш тўлиқ тўхтатилади ва аввал тузилган шартномалар бекор қилинади.
Амалдаги иссиқхоналарга нисбатан ҳам талаблар кескин кучайтирилади. Улар томонидан истеъмол қилинадиган сув ресурслари учун солиқ ставкаси саноат корхоналари учун белгиланган энг юқори тарифларнинг 5 баравари миқдорида ҳисобланади. Агар иссиқхоналарда кўмир, шина, мазут, резина, синтетик картон каби атроф-муҳитни ифлослантирувчи материаллар ёқилса, уларга нисбатан қўлланиладиган компенсация тўловлари 20 бараварга оширилган ҳолда ундирилади ва экологик экспертиза хулосаси қайта кўриб чиқилади.
Тадбиркорлар ҳимояси: «Бизнес ҳимоя» QR-коди ишга тушади
Тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни чеклаш мақсадида 1 августдан бошлаб давлат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги мулоқот ва текширувлар тўлиқ рақамлаштирилади. Барча текширувлар (жумладан, жиноят ишлари доирасидаги) «Ягона давлат назорати» тизимида рўйхатга олиниши шарт ва “Бизнес ҳимоя” QR-коди жорий этилади.
Назоратчилар текширувдан олдин тадбиркордаги махсус QR-кодни сканерлаши мажбурий бўлади. Қоғоз шаклидаги Текширувларни рўйхатга олиш китобини сўраш ва гувоҳномаларни қоғоз кўринишида кўрсатиш тартиби бекор қилинади. Агар назоратчи текширувни тизимда қайд этмаса, тадбиркор давлат хизматчисини ўз ҳудудига киритмаслик ва мулоқотга киришмаслик ҳуқуқига эга бўлади.
Меҳнат низолари бўйича алоҳида судялар фаолияти йўлга қўйилади
Ўзбекистонда фуқаролик ишлари бўйича судларнинг амалдаги штат бирликлари доирасида фақат меҳнат низоларини кўриб чиқишга ихтисослашган судьялар корпуси ташкил этилмоқда.
Янги тартибга кўра, Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида 4 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларида 3 нафардан ихтисослашган судьялар иш бошлайди.
Шунингдек, Нукус, Бухоро, Жиззах, Қарши, Наманган, Термиз, Фарғона, Урганч каби туманлараро судларида ҳам 1-2 нафардан шундай судялар ажратилади. 1 августдан кейин судларга келиб тушган меҳнат низоларига оид барча аризалар фақатгина ушбу ихтисослашган судьялар ўртасида тақсимланади.
Камёб ҳайвонларни овлаш тақиқланади (Мораторий)
1 августдан 2028 йил 1 январга қадар Ўзбекистонда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи юқори бўлган 66 турдаги ёввойи ҳайвонларни ов қилиш қатъиян тақиқланади. Ушбу рўйхатга қоплон, сиртлон, қор қоплони, Туркистон силовсини, Бухоро буғуси, бўрсиқ ва жайра каби жониворлар киритилган.
Ушбу чеклов махсус фермалар, питомниклар, инкубаторлар ҳамда илмий-тиббий мақсадларда етиштирилаётган ҳайвонларга татбиқ этилмайди. Овчилар учун муқобил машғулот сифатида ўқ отиш спортига ихтисослаштирилган машқ полигонларида махсус машғулотлар ўтказиш тизими йўлга қўйилади.
Хавфсизлик қоидабузарликлари ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади
Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қоидалари бузилиши ҳолатлари бўйича жамоатчилик назорати кучайтирилади. 1 августдан бошлаб хавфли ишлаб чиқариш объектларидаги қоидабузарликлар ҳақида Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитасига фото ва видео материаллар орқали хабар берган фуқароларни рағбатлантириш тизими жорий этилади.
Хабар берувчига ҳуқуқбузардан ундирилган жариманинг 20 фоизи миқдорида пул мукофоти тўланади. Бунинг учун тақдим этиладиган материалда ҳуқуқбузарликнинг моҳияти, геолокация (манзил), сана ва вақт аниқ акс этган бўлиши лозим.
Солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади
Солиқ хизматлари сифатини баҳолаш мақсадида 1 августдан солиқ органларининг мижозларга йўналтирилганлик индекси жорий этилади.
Ушбу индекс орқали солиқ тўловчилар солиқ хизматларининг қулайлиги, кўрсатилаётган хизматлар сифати, солиқ мажбуриятларини бажариш учун сарфланадиган вақт ҳамда солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ўзаро ҳамкорлик даражасини баҳолаш имкониятига эга бўладилар.
Фитосанитар назорат тизимида жамоатчи инспекторлар иш бошлайди
Мева-сабзавот ва озиқ-овқат экспортини соддалаштириш ҳамда фитосанитар назоратни такомиллаштириш учун тизимда жамоатчи инспектор фаолияти йўлга қўйилади. Шу билан бирга, «E-Fitouz» электрон портали орқали карантиндаги маҳсулотлар назоратида хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми ишга тушади.
Измир ва Тошкент ўртасида мунтазам парвозлар йўлга қўйилади
Туркиянинг SunExpress авиакомпанияси 1 августдан бошлаб Измир – Тошкент – Измир йўналишида илк тўғридан-тўғри мунтазам парвозларни йўлга қўяди. Рейслар ҳафтасига 4 марта 189 нафар йўловчига мўлжалланган Boeing 737-800 самолётларида амалга оширилади.
1 августдан кучга кирадиган бошқа муҳим ўзгаришлар:
– Жарима майдончаларидан транспортни чиқариш тизими электронлашади: Транспорт воситаларини сақлаш жойларидан (жарима майдончаларидан) чиқариб юбориш бўйича рухсатнома беришнинг эскича қоғоз шакли бекор қилинади. Эндиликда бу рухсатнома фақат маъмурий ишни кўриб чиқувчи орган (мансабдор шахс) ва ижро органи томонидан “Жарима майдончаси” ахборот тизимида QR-код билан тасдиқлаш орқали электрон тарзда берилади ва юборилади.
– Сўх туманидаги шифокорларга 2 млн сўмлик устама тўланади: Фарғона вилоятининг Сўх тумани марказий шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиникасида фаолият юритаётган барча шифокорларни моддий қўллаб-қувватлаш тартиби жорий этилди. Унга кўра, мазкур муассасаларда ишлаётган шифокорларнинг ойлик маошига (1,0 ставка ҳисоб-китобидан келиб чиқиб) ҳар ой қўшимча 2 миллион сўм миқдорида кафолатланган устама белгиланади.
– Боғдорчилик хўжаликлари учун солиқ имтиёзи берилади: Сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида замонавий сув тежовчи технологиялар жорий қилинган саноатлашган боғларда бурғиланган қудуқлардан олинган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси кескин камайтирилади. Ушбу ставка беш йил муддатга бор-йўғи 1 сўм миқдорида белгиланади.
– Архив тизими тўлиқ рақамлаштирилади: Давлат органлари ва ташкилотларининг архив ишига оид барча маълумотлари ва ҳужжатлари фақат электрон Архив ахборот тизимида шакллантирилади ва юритилади (давлат сирини ташкил этувчи маълумотлар бундан мустасно). Шунингдек, айрим давлат архивлари функциялари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда амалга оширилади.
– Балиқчилик хўжаликлари молиявий қўллаб-қувватланади: 2030 йил 1 августга қадар балиқчилик хўжаликларига Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари кўрсатилади. Бу орқали тармоқни янада ривожлантириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсад қилинган.





