Logo

1 июлдан Франция визаси учун ҳужжат топшириш тартиби ўзгаради

Тошкентдаги TLScontact виза марказида Францияга 90 кунгача бўлган туристик сафарлар учун ҳужжат қабул қилишнинг янги механизми жорий этилади. Энди қабул санаси тизим томонидан автоматик белгиланади.

1 июлдан Франция визаси учун ҳужжат топшириш тартиби ўзгаради © Shutterstock

Тошкентдаги TLScontact виза маркази 1 июлдан Францияга 90 кунгача бўлган туристик сафарлар учун виза расмийлаштириш тартибини ўзгартиради. Бу ҳақда компания матбуот хизмати маълум қилди.

Янги тартибга кўра, ариза берувчилар энди виза марказига ташриф санасини мустақил танлай олмайди. Тизим бўш вақтларни ҳисобга олган ҳолда қабул вақтини автоматик равишда белгилайди.

Қайд этилишича, мазкур ўзгаришлар фақат туристик визаларга тааллуқли бўлиб, бошқа тоифадаги визаларни расмийлаштириш тартиби ўзгаришсиз қолади.

Ҳужжат топшириш учун фуқаролар TLScontact'нинг расмий порталида шахсий профил яратиб, анкетани тўлдириши керак бўлади. Маълумотлар текширилгандан сўнг ариза электрон навбатга қўйилади.

Кейинчалик ариза берувчига электрон почта орқали қабул санаси ва вақти юборилади. Шу вақтдан бошлаб хизмат ҳақини тўлаш ва бронни тасдиқлаш учун 24 соат муддат берилади.

Компания маълумотига кўра, янги механизм ҳужжат топшириш жараёнида воситачилар томонидан амалга ошириладиган фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда барча мурожаатчилар учун тенг имконият яратишга қаратилган.

Эслатиб ўтиш жоиз, янги тартиб жорий этилишидан аввал ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар TLScontact орқали бўш қабул вақтларини топиш қийинлиги юзасидан бир неча бор шикоят қилган эди.

Teglar

Mavzuga oid