Logo

30 йилдан ошган автомобиллар давлат томонидан сотиб олиниб, утилизацияга юборилади

Kecha 10:552 daqiqa

2026 йилдан Ўзбекистонда 30 йилдан ортиқ фойдаланилган автомобилларни бозор нархида харид қилиш ва утилизация қилиш тизими жорий этилади. Эгаларига янги автомобиль хариди учун ваучер ёки пул маблағи таклиф қилинади.

30 йилдан ошган автомобиллар давлат томонидан сотиб олиниб, утилизацияга юборилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда 2026 йилдан бошлаб ишлаб чиқарилганига 30 йил ва ундан ортиқ бўлган автомобилларни утилизацияга топширишнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш агентлиги маълум қилди.

Янги тартибга кўра, эскирган транспорт воситалари эгаларидан бозор қиймати асосида харид қилиб олинади. Бунда автомобиль эгалари учун икки хил компенсация механизми таклиф этилади.

Биринчи вариантга кўра, фуқарога Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган янги автомобиль харидида бошланғич тўлов сифатида фойдаланиш мумкин бўлган электрон ваучер берилади. Иккинчи вариантда эса ваучер қиймати пул шаклида тўлаб берилади.

Қайд этилишича, ваучер орқали маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобилларни имтиёзли шартларда харид қилиш мумкин бўлади. Ваучер суммаси чегирма сифатида ҳисобга олинади, қолган маблағ эса бир йилдан ортиқ муддатга бўлиб тўланиши мумкин.

Шунингдек, эски автомобилларини белгиланган муддатларда утилизацияга топширмаган фуқаролар учун экологик компенсация жорий этилиши режалаштирилмоқда. Унга кўра, бундай транспорт эгалари ҳар йили базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида тўлов амалга оширади.

Агентлик маълумотларига кўра, ҳозирнинг ўзида Тошкент шаҳрида кунига қарийб 600 мингта транспорт воситаси ҳаракатланади. Эскирган автомобилларни утилизация қилиш тизими ва уларга нисбатан турли чекловлар Франция, Германия, Хитой ҳамда АҚШ каби 60 дан ортиқ давлатда амалда қўлланмоқда.

Аввалроқ ишлаб чиқарилганига 50 йилдан ошган транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни қайта рўйхатдан ўтказиш тақиқланиши, бундай автомобиллар давлат рўйхатидан чиқарилиши маълум қилинган эди.

Teglar

Mavzuga oid