Logo

Афғонистон Марказий Осиёнинг жанубга чиқиш кўпригига айлана оладими?

Йиллар давомида Афғонистон минтақада асосан хавфсизлик, беқарорлик ва чегарадаги хавф билан боғлиқ давлат сифатида кўриб келинди. Аммо Ўзбекистон бу қарашни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. 2021-йилда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми тахминан 674 млн доллар эди. 2024-йилда бу кўрсаткич қарийб 2,5 баравар ошган.

Афғонистон Марказий Осиёнинг жанубга чиқиш кўпригига айлана оладими?

Ўзбекистон Афғонистон билан савдони ривожлантириш, электр энергияси ва бошқа энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт алоқаларини яхшилашга ҳаракат қилмоқда.

Тошкент Афғонистонни Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни боғлайдиган кўприк сифатида кўрмоқда. Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар ҳам тез ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг Афғонистон билан савдо ҳажми 2021-йилда тахминан 674 миллион доллар бўлган бўлса, 2025-йилга келиб бу кўрсаткич 1,68 миллиард долларга яқинлашди. Афғонистон Ўзбекистон экспорт маҳсулотлари учун муҳим бозорлардан бирига айланди.

Чегарадаги савдо ва транспорт инфратузилмаси ҳам ривожланмоқда. Масалан, Термиз халқаро савдо маркази фаолияти кенгаймоқда. Шунингдек, Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўли бўйича ҳам ҳамкорлик давом этмоқда.

Ўзбекистон бундан ташқари, янада катта лойиҳа — Афғонистон орқали Покистонга чиқадиган Трансафғон темирйўлини қуришни ҳам илгари сурмоқда. Агар бу лойиҳа амалга ошса, Марказий Осиё давлатлари ўз маҳсулотларини Афғонистон орқали Покистон ва Жанубий Осиёга олиб чиқиши, шу орқали янги савдо йўлларига эга бўлиши мумкин. Лекин бу катта режанинг келажаги ҳали аниқ эмас.

Трансафғон темирйўли ҳали тўлиқ қурилиш босқичига кирмаган, уни молиялаштириш масаласи ҳам ҳали тўлиқ ҳал қилинмаган. Бундан ташқари, лойиҳа фойдали бўлиши учун темирйўл орқали етарлича катта ва доимий юк ташиш ҳажми бўлиши керак. Яна бошқа муаммолар ҳам бор. Масалан, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескин муносабатлар, Амударё сувидан фойдаланиш билан боғлиқ келишмовчиликлар ва Афғонистоннинг ушбу транзит лойиҳаларидан ўзи қанчалик иқтисодий фойда олиши масаласи лойиҳанинг келажагига таъсир қилиши мумкин.

Қисқаси, Ўзбекистон Афғонистонни фақат хавф ва муаммо манбаи сифатида эмас, балки савдо, транспорт ва иқтисодий ҳамкорлик учун имконият сифатида кўришга ҳаракат қилмоқда. Аммо бу режаларнинг қанчалик муваффақиятли бўлиши ҳали кўп омилларга боғлиқ.

2021-йилда «Толибон» ҳокимиятга қайтганидан кейин Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларда амалда қандай ўзгаришлар бўлди? Бу сиёсат ҳақиқатан ҳам натижа бераётганини кўрсатадиган энг муҳим мисоллар қайсилар?

Масалани икки қисмга ажратса бўлади. Биринчиси — Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги иқтисодий алоқалар. Бу борада натижалар аллақачон анча кўриниб турибди. Иккинчиси эса — Афғонистонни Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт ва савдо кўпригига айлантириш ғояси. Бу йўналишда ҳам ишлар кетмоқда, лекин ҳали тўлиқ амалга оширилгани йўқ.

2021-йилдан кейинги энг катта ўзгариш шундаки, Ўзбекистон Афғонистон билан аввалги иқтисодий алоқаларни шунчаки сақлаб қолиш билан чекланмай, уларни ривожлантириш учун савдо, транспорт ва бошқа инфратузилмаларни тизимли равишда яратишни бошлади. Яъни ҳамкорлик анча тартибли ва расмий тус олди. Бунинг энг яққол мисоли — савдо ҳажмининг ошиши.

2021-йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо ҳажми тахминан 674 миллион доллар эди. 2024-йилда бу кўрсаткич 1,14 миллиард долларга, 2025-йилда эса деярли 1,68 миллиард долларга етди. Демак, 2021-йилга нисбатан икки давлат ўртасидаги савдо қарийб 2,5 баравар ошган. Бундан ташқари, Афғонистон Ўзбекистон маҳсулотларини сотиш учун муҳим бозорлардан бирига айланди. 2025-йилда Ўзбекистоннинг Афғонистонга экспорти тахминан 1,5 миллиард долларни ташкил этди. Иккинчи муҳим натижа — савдо қилиш учун зарур инфратузилманинг яратилиши. Масалан, 2024-йил август ойида Термиз халқаро савдо маркази расман очилди. Бу шунчаки сиёсий лойиҳа эмас. Марказ афғон тадбиркорларига Ўзбекистонга кириб келиш ва савдо қилишни осонлаштиради. Уларга махсус виза тартиби, савдо жойлари ва турли хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилган.

Ўзбекистон ҳукумати маълумотларига кўра, 2025-йилда 800 мингдан ортиқ афғон фуқароси ушбу марказга ташриф буюрган. Марказ орқали амалга оширилган экспорт ҳажми эса тахминан 320 миллион доллар бўлган. Яна бир муҳим ўзгариш — икки давлат ўртасидаги савдо алоқаларининг янада расмийлашгани. 2025 йил май ойида Ўзбекистон Кобул ва Мозори Шариф шаҳарларида савдо уйларини очди. 2025-йил июн ойида эса икки давлат имтиёзли савдо келишувини имзолади. Шунингдек, Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўли бўйича ҳам ҳамкорлик давом этмоқда. Ушбу темирйўлга хизмат кўрсатиш ишларини Ўзбекистон томони амалга оширишда давом этмоқда.

Яна бир муҳим йўналиш — энергетика. 2024-йилда Ўзбекистон Афғонистонга тахминан 1,8 миллиард киловатт-соат электр энергияси экспорт қилди. Унинг қиймати 90 миллион доллардан ошган. Ҳозир эса ҳамкорлик фақат электр сотиш билан чекланиб қолмай, янги энергетика инфратузилмасини қуриш томон ҳам ривожланмоқда. Бунга узоқ вақтдан бери муҳокама қилинаётган Сурхон–Пули-Хумри 500 кВ электр узатиш линияси мисол бўла олади. Лекин бу ютуқларни Афғонистон аллақачон Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида тўлиқ ишлаётган транспорт кўпригига айланди, деб баҳолаш тўғри бўлмайди. Бу жараён ҳали тугалланмаган.

Энг катта лойиҳалардан бири — Ўзбекистонни Афғонистон орқали Покистон билан боғлайдиган Трансафғон темирйўли. Бу лойиҳа ҳали ишлаб чиқилиш босқичида. Лекин унда ҳам аниқ қадамлар ташланган. Масалан, 2025-йил июл ойида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон уч томонлама келишув имзолади. Ушбу келишув темирйўл лойиҳасининг имкониятларини ўрганиш ва унинг техник-иқтисодий асосини тайёрлашга қаратилган.

Лекин ҳозирча бу натижалар асосан икки давлат ўртасидаги савдо, чегараолди алоқалари ва иқтисодий ҳамкорликда кўринмоқда. Энди асосий масала — шу ютуқларни янада кенгайтириб, Афғонистонни ҳақиқий маънода Марказий ва Жанубий Осиёни боғлайдиган савдо ва транспорт йўлига айлантира олишдир.

Термиз ва Ҳайратон ҳозирнинг ўзида Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги энг ривожланган транспорт алоқаси ҳисобланади. Трансафғон темирйўлини кутмасдан, бу йўналишни яна қанчалик ривожлантириш мумкин?

Трансафғон темирйўли қурилишини кутмасдан ҳам Термиз–Ҳайратон йўналишини анча ривожлантириш имконияти бор. Қисқа муддатда жуда катта янги инфратузилма қуришдан кўра, чегарадаги назорат, божхона, терминаллар ва логистика тизимини яхшилаш кўпроқ фойда бериши мумкин. Ҳозир бу йўналишда асосий инфратузилмалар мавжуд. Масалан, Дўстлик кўприги, автомобиль ва темирйўл алоқалари, Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўли ҳамда Ўзбекистон томонида ривожланаётган логистика марказлари бор.

Юк ташиш ҳажми ҳам ошиб бормоқда. 2026-йил июл ойида Сурхондарё вилояти ҳокими Афғонистон билан автомобиль, темирйўл ва дарё орқали юк ташиш икки баравар ошганини маълум қилган. Буни амалий жиҳатдан энг катта натижа бериши мумкин бўлган тўртта йўналишга ажратиш мумкин.

Биринчиси — божхона ва чегара назоратини тезлаштириш. Юк машинаси ёки вагоннинг чегарада кутиб турадиган вақтини камайтириш баъзан янги темирйўл қуриш каби муҳим бўлиши мумкин. Ўзбекистон чегарадаги назорат пунктларида «бир дарча» тизимини жорий қилиш, уни Э-логистика платформаси билан янада боғлаш, транспорт воситаларини электрон рўйхатдан ўтказиш ва юкларни интернет орқали кузатишни таклиф қилган.

Иккинчиси — темирйўл терминалларини ривожлантириш. Ҳайратон–Мозори Шариф темирйўли аллақачон Афғонистон шимолига кириб борадиган ишлаётган темирйўл тизимига эга. Энди унинг имкониятларини яна ошириш мумкин. Бунинг учун қўшимча темирйўл йўлаклари қуриш, юк ортиш-тушириш техникаларини яхшилаш, вагонларни тезроқ қабул қилиш ва жўнатиш ҳамда терминалларни таъмирлаш керак.

Учинчиси — Термиз ва Ҳайратонни битта катта логистика тизими сифатида ривожлантириш. Масалан, божхона назоратидаги омборлар, совуткичли омборлар, контейнерлар билан ишлаш жойлари ва юкларни бирлаштириш марказларини кўпайтириш мумкин. Шунингдек, юк машиналарининг ҳаракатини олдиндан аниқ режалаштириш ҳам тирбандлик ва ортиқча харажатларни камайтиради.

Тўртинчиси — автомобиль юк ташиш тизимини соддалаштириш. Турли тўловлар, рухсатномалар, ҳужжатлар ва транспорт воситаларига қўйиладиган талабларни Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида бир-бирига мослаштириш керак. Бу йўлни тадбиркорлар учун янада қулай ва арзон қилади. Энг муҳими, бунинг учун ҳатто янги темирйўлнинг бир километрини ҳам қуриш шарт эмас.

Трансафғон темирйўли кўпинча жуда катта ўзгаришларга олиб келадиган лойиҳа сифатида тақдим этилади. Ҳозирги ҳолатда қайси йўналиш ва уни молиялаштириш усули энг реал кўринмоқда? Сиёсий қизиқиш ва катта режалар ҳали амалда мавжуд бўлган юк ташиш талабидан олдинга чиқиб кетиш хавфи борми?

Ҳозирги босқичда Афғонистоннинг шимолий ва марказий ҳудудлари орқали Покистон чегарасидаги Харлачи шаҳригача борадиган шарқий йўналиш энг реал вариант бўлиб кўринмоқда. Бунинг асосий сабаби — бу йўналиш бўйича Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасида расмий техник ишлар аллақачон бошланган. 2025-йилда уч давлат Наибобод–Майдон Шаҳри–Логар–Харлачи йўналиши бўйича биргаликда лойиҳанинг техник-иқтисодий асосини тайёрлашга келишиб олди. Аммо лойиҳани молиялаштириш масаласи анча мураккаб.

Темирйўл қурилиши бир неча миллиард доллар туриши кутилмоқда. Уни фақат хусусий компаниялар ҳисобидан қуриш ҳам қийин бўлади. Чунки хусусий инвестор бир вақтнинг ўзида қурилиш харажатлари, сиёсий хавф, хавфсизлик муаммолари ва темирйўлдан қанча юк ўтиши номаълумлиги каби жуда кўп хавфларни ўз зиммасига олиши керак бўлади. Шунинг учун энг реал вариант — бир нечта молиялаштириш манбасини бирлаштириш. Масалан, давлат маблағлари, халқаро молия ташкилотларининг имтиёзли кредитлари ҳамда хусусий инвесторларнинг терминаллар, вагонлар ва темирйўл фаолиятига сармояси.

Яъни лойиҳани фақат битта томон эмас, давлат, халқаро ташкилотлар ва хусусий сектор биргаликда молиялаштириши маъқул. Лекин бу ерда энг муҳим савол — темирйўл орқали қанча юк ташилади? Агар темирйўл фақат Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдога хизмат қилса, лойиҳа иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши қийин бўлади. Темирйўл фойдали ишлаши учун Қозоғистон ва бошқа Марказий Осиё давлатларидан катта миқдорда юк келиши, эҳтимол Россиядан ҳам юклар қўшилиши, Афғонистондан экспорт барқарор бўлиши ва Покистон портларига ишончли чиқиш имконияти мавжуд бўлиши керак. Шунинг учун сиёсий иштиёқ иқтисодий ҳақиқатдан олдинга чиқиб кетиши хавфи бор. Яъни давлатлар бу лойиҳани жуда муҳим ва фойдали деб ҳисоблашлари мумкин. Лекин бу ҳали темирйўл автоматик равишда молиявий жиҳатдан фойдали бўлади дегани эмас.

Лойиҳанинг стратегик аҳамияти жуда катта. Чунки у Марказий Осиё давлатларига денгиз портларига чиқишнинг янги йўлини беради ва жанубга борадиган транспорт йўлларини анча қисқартириши мумкин. Аммо стратегик жиҳатдан муҳим лойиҳа ҳар доим ҳам молиявий жиҳатдан фойдали лойиҳа дегани эмас. Шунинг учун ҳозир тайёрланаётган техник-иқтисодий асосда энг муҳим масала — реал юк ҳажми, ташиш нархлари ва темирйўлни ишлатиш харажатларини аниқ ҳисоблаш. Яъни «темирйўлни қурсак, кейин катта ҳажмдаги юклар ўз-ўзидан пайдо бўлади» деган тахминга таянмаслик керак. Аввал ҳақиқатан ҳам етарли юк бўладими ва лойиҳа ўз харажатларини қоплай оладими, шуни исботлаш керак.

Сув масаласи Афғонистоннинг қўшни давлатлар билан муносабатларида тобора муҳим бўлиб бормоқда. Қўштепа канали Афғонистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатларини ўзгартириши мумкинми?

Ҳа, ўзгартириши мумкин. Лекин бу масалани Афғонистон ва Покистон ўртасидаги сув муаммолари билан тўғридан-тўғри бир хил деб қарашга эҳтиёт бўлиш керак. Бу икки ҳолатдаги умумий жиҳат шундаки, Афғонистон сувдан тобора фаолроқ фойдаланаётган давлатга айланмоқда. Аввалги ўнлаб йиллар давомида Афғонистонда суғориш тизимлари етарлича ривожланмаган эди. Шу сабабли Марказий Осиёдаги сув тақсимотига Афғонистоннинг таъсири унчалик катта бўлмаган. Қўштепа канали эса бу ҳолатни ўзгартирмоқда.

Афғонистон Марказий Осиёдаги мавжуд сув тақсимоти бўйича келишувларда тўлиқ иштирок этмайди. Шу билан бирга, Қош Тепа канали орқали Афғонистон Амударёдан олинадиган сув миқдорини сезиларли даражада ошириши мумкин.

Сув масаласи бошқа сабаблар туфайли ҳам тобора нозиклашмоқда. Масалан, иқлим ўзгариши, музликларнинг камайиши, аҳолининг кўпайиши ва қишлоқ хўжалигида сувга бўлган талабнинг ошиши сабабли минтақада сув босими кучаймоқда. Аммо Марказий Осиё давлатларининг, айниқса Ўзбекистоннинг бунга муносабати бошқа йўналишда ривожланмоқда.

Ўзбекистон Қўштепа каналини қарама-қаршилик ёки жанжал масаласи сифатида эмас, балки музокара орқали ҳал қилинадиган масала сифатида кўрмоқда. Президент Мирзиёев Афғонистонни Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича минтақавий муҳокамаларга бевосита жалб қилишни таклиф қилган. Шунингдек, каналнинг минтақага қандай таъсир қилаётганини ўрганиш учун Ўзбекистон, Афғонистон ва бошқа томонлар иштирокидаги қўшма ишчи гуруҳ ташкил этиш ғояси илгари сурилган.

Бу ерда асосий вазифа — Афғонистонни сув масалаларида четда қолдириш эмас, балки уни минтақадаги сув бошқаруви тизимига қўшиш. Бунинг учун сув миқдори, ундан фойдаланиш ва каналнинг таъсири ҳақида аниқ маълумотлар асосида, очиқ ва адолатли тизим яратиш керак.

Teglar

Mavzuga oid