Logo

Андижонда 2 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилди

Bugun 18:202 daqiqa

Маросимда умумий қиймати 9,4 млрд доллар бўлган 206 та лойиҳа қамраб олинди. 7 млрд 350 миллион долларлик 108 та лойиҳанинг қурилиши бошланди.

Андижонда 2 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилди © Foto: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига ташрифи доирасида янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш ва уларнинг қурилишига старт бериш маросимида иштирок этди.

Ушбу лойиҳалар энергетика, қурилиш, тўқимачилик, машинасозлик, таълим, туризм, логистика, фармацевтика ва соғлиқни сақлаш каби муҳим соҳаларни қамраб олган. Улар вилоятнинг барча 16 та шаҳар ва туманида амалга оширилади.

Хусусан, пахта-тўқимачилик кластери, электр энергиясини сақлаш ва тақсимлаш тизими, мебелсозлик ва чарм-пойабзал саноат зоналари, электр автобуслар, қуёш панеллари ва микрогидроэнергетика ускуналари ишлаб чиқариш, шунингдек, замонавий таълим ва тиббиёт марказлари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Янги лойиҳалар доирасида замонавий тураржой мажмуалари, халқаро логистика ва туризм марказлари, гидроэлектрстанцияси, чиқиндиларни қайта ишлаш орқали электр энергияси ишлаб чиқариш корхонаси, транспорт воситалари ва юк вагонлари ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш кўзда тутилган.

Лойиҳалар Хитой, Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Россия, Беларус, Германия, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари ҳамда маҳаллий инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Уларнинг рўёбга чиқарилиши натижасида 45 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади, йилига 60,6 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва 533 миллион долларлик экспорт имконияти шаклланади.

Маросимда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан масъуллар, хорижлик ҳамкорлар ва ташаббускорлар видеоалоқа орқали иштирок этди. Улар лойиҳаларнинг аҳамияти, амалга ошириш жараёни ва ишга тушириш муддатлари ҳақида ахборот берди. Давлат раҳбари мазкур ташаббусларни амалга оширишда иштирок этаётган хорижлик ҳамкорлар ва маҳаллий тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижонда кичик ГЭСлар учун замонавий ускуналар ишлаб чиқарилиши ҳақида ёзган эдик. Тўлиқ хорижий инвестициялар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 20 млн долларни ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid