АҚШ Ҳўрмуз бўғозини ҳимоя қилиш учун халқаро коалиция тузмоқчи
Трамп маъмурияти Яқин Шарқдаги асосий энергия йўлагини Эрон назоратидан қутқариш учун ҳарбий кемаларни ишга солишга ва кемаларни кузатиб боришга тайёрланмоқда.

АҚШ Молия вазири Скотт Бессент «Sky News» нашрига берган интервюсида тез орада АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари халқаро коалиция билан биргаликда Ҳўрмуз бўғози орқали ўтаётган кемалар хавфсизлигини таъминлашини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, ҳарбий жиҳатдан имконият туғилиши билан кемаларни кузатиб бориш (конвой) амалиёти бошланади.
Бўғоздаги вазият ва миналар
Яқин Шарқда Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши амалиётлари бошланганидан бери Ҳўрмуз бўғози орқали энергия ресурсларини етказиб бериш кескин қийинлашди. Теҳрон бўғозни тўлиқ назорат қилаётганини ва кемалар ўтиши учун Эрон рухсати кераклигини даъво қилмоқда.
«CNN» хабарига кўра, Эрон бўғозга миналар ўрнатишни бошлаган. Ҳозирда у ердан фақат Эрон билан боғлиқ танкерлар ўтмоқда.
Скотт Бессентнинг қайд этишича, бўғоздан Хитой байроғи остидаги бир нечта танкерлар ўтган, бу эса йўлак ҳали тўлиқ ёпилмаганидан далолат беради.
Эроннинг сиёсий шарти
Бунгача Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) бўғоздан ўтиш бўйича ўзига хос «савдо»ни таклиф қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Унга кўра, ҳар қандай араб ёки Европа давлати ўз ҳудудидан АҚШ ва Исроил элчиларини чиқариб юборса, ўз кемаларини бўғоз орқали бемалол ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.
АҚШ эса бу таҳдидларга қарши ҳарбий куч ишлатиш орқали тижорат кемалари учун хавфсиз «йўлак» яратишни режалаштирмоқда.





