АҚШ суди Трампнинг миллиардлаб долларлик божларини ноқонуний деб топди
Маълумотларга кўра, фақатгина март ойининг ўзида АҚШ божхона идоралари 122-модда бўйича 8 миллиард долларлик бож йиғган.
© The New York TimesНю-Йоркдаги Федерал халқаро савдо суди 7 май куни АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган 10 фоизлик импорт божлари қонуний асосга эга эмаслиги ҳақида қарор чиқарди.
Ушбу божлар Трамп маъмурияти томонидан 2025 йилнинг апрел ойида эълон қилинган глобал «озодлик божлари» лойиҳаси шу йилнинг февралида Олий суд томонидан бекор қилинганидан сўнг киритилган эди.
Трамп қарорга кескин муносабат билдириб, уни «радикал сўлчи судялар қарори» деб атади. У журналистлар билан суҳбатда маъмурият барибир бошқа йўл топишини таъкидлади.
Даъвони икки кичик компания қўзғатган бўлиб, ҳозирча қарор фақат уларга нисбатан қўлланмоқда.
Ҳуқуқий асос
Трамп ушбу божларни 1974 йилдаги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-моддасига таяниб жорий этганди. Ушбу модда президентга «тўлов балансида сезиларли ва жиддий тақчиллик» юзага келган тақдирда, 150 кунгача бўлган муддатга 15 фоизгача бож белгилаш ҳуқуқини беради.
Бироқ даъвогарлар АҚШдаги савдо тақчиллиги билан тўлов баланси инқирози бир хил тушунча эмаслигини таъкидлаган. Суд ҳам ушбу позицияни қўллаб-қувватлаган.
Масаланинг молиявий томони
Тарифларга қарши чиқувчи «We Pay the Tariffs» ассоциацияси маълумотларига кўра, фақатгина март ойининг ўзида АҚШ божхона идоралари 122-модда бўйича 8 миллиард долларлик бож йиғган.
Даъвогарлардан бири — «Basic Fun» компанияси тарифлар туфайли 100 минг доллардан ортиқ маблағ тўлаганини маълум қилди.
Компания вакиллари суд қарорини кичик бизнес учун муҳим ғалаба деб баҳолаган.
Тариф стратегиясига берилган зарба
Бу Трамп тариф сиёсатининг суддаги иккинчи йирик мағлубияти бўлди: 20 феврал куни АҚШ Олий суди Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун (IEEPA) асосида киритилган тарифларни президент ўз ваколатларини суиистеъмол қилган деб топиб, бекор қилган эди.
Ҳозирда импортчилар қарийб 170 миллиард доллар маблағни қайтариш учун даъво киритиш имкониятига эга.





