АҚШдан 26 ўзбекистонлик депортация қилинди
Доналд Трамп президент бўлганидан бери 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган.
© eldiariony1-май куни Қўшма Штатлар Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, мамлакатда қолиш учун қонуний рухсатга эга бўлмаган 26 нафар Ўзбекистон фуқаросини қайтариб юборди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.
Билдирилишича, ушбу парвоз Қўшма Штатларнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари доирасидаги навбатдаги тадбирлардан биридир. Президент Трамп лавозимга киришганидан буён Қўшма Штатлар ноқонуний иммиграцияга чек қўйишга ҳамда ўз чегаралари ва фуқароларини ҳимоя қилишга қаратилган ўз мажбуриятлари доирасида 1000 дан зиёд Ўзбекистон фуқаросини депортация қилган.
«Қўшма Штатлар ҳудудига ноқонуний кирган шахслар қамоқ жазосига тортилади ва мамлакатдан чиқариб юборилади. Қўшма Штатлар АҚШнинг депортация тадбирларини ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг чуқур миннатдорлигини билдиради», – дейилади элчихона пресс-релизида.
Олдинги депортация рейслари
АҚШ 11 март куни ҳам Ўзбекистонга депортация рейсини амалга ошириб, 72 нафар Ўзбекистон фуқаросини мамлакатдан чиқарганди.
2026-йил 21-январ куни ҳам АҚШда ноқонуний бўлиб турган 44 нафар Ўзбекистон фуқароси депортация қилинган эди.
2025-йил 7-сентябр куни эса АҚШ ҳукумати мамлакатда қонуний қолиш ҳуқуқига эга бўлмаган 39 нафар ўзбекистонликни депортация қилган.





