Арманистон АҚШ билан ядровий соҳада ҳамкорлик қилади
Вэнс ва Пашинян Ереванда АҚШ ва Арманистон ўртасида тинч атом соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни имзолади. Ҳужжат Арманистоннинг энергетик ресурсларини диверсификация қилишга хизмат қилади, деб таъкидлади мамлакат бош вазири.

Кеча, 9 феврал куни Ереванда АҚШ вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян томонидан тинч мақсадларда ядро энергиясидан фойдаланиш соҳасида АҚШ ва Арманистон ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги баёнот имзоланди. Маросим Вэнснинг Арманистонга икки кунлик ташрифи давомида бўлиб ўтди.
«Ушбу келишув «хавфсиз инновацион технологияларни жорий этиш орқали Арманистоннинг энергетик ресурсларини диверсификация қилишга ёрдам беради», – деди Пашинян.
Жеймс Дэвид Вэнс 9 феврал куни Арманистонга расмий ташриф билан етиб келди. Арман оммавий ахборот воситалари хабар беришича, сафар давомида унга турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳамроҳлик қилмоқда. Америка делегацияси таркибида, шунингдек, АҚШ давлат котибининг иқтисодий ўсиш, энергетика ва атроф-муҳит масалалари бўйича ўринбосари Жейкоб Ҳелберг ҳам бор.
Ядро энергетикаси соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишув имзоланишидан олдин АҚШ вице-президенти ва Арманистон бош вазири яккама-якка форматда, кейин эса кенгайтирилган таркибда учрашув ўтказган.
АҚШ ва Арманистон ўртасидаги муносабатлар
«Арменпресс» онлайн нашрининг ёзишича, Никол Пашинян Жеймс Дэвид Вэнс Арманистонга ташриф буюрган америкалик энг юқори лавозимли шахс эканини алоҳида таъкидлади.
«Менимча, бу фақат протоколга оид масала эмас, балки сўнгги йилларда, айниқса охирги бир йил ичида Арманистон ва Қўшма Штатлар ўртасидаги муносабатларда юз берган ривожланишларнинг аксидир», – деди Пашинян.
Шунингдек, у АҚШ президенти Доналд Трампга ва Жеймс Дэвид Вэнснинг ўзига 2025 йил август ойида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик ўрнатилган саммитни ташкил этгани учун миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга, Пашинян «АҚШ президенти Доналд Трамп 2026 йилги Нобел тинчлик мукофотига адолатли равишда сазовор бўлишига чин дилдан умид билдираман», – деб айтганини «News.am» онлайн нашри хабар қилди.





