Банкларда бир ойда салкам 4 млн шубҳали ҳолат аниқланди
Октябр ойида банкларнинг антифрод тизимлари орқали 1,69 трлн сўмлик шубҳали операциялар чекланган. Шунингдек, 257 мингдан ортиқ қурилма зарарли дастурлардан тозаланган.
© Vaqt.uzЎзбекистонда 2026-йилнинг октябр ойида банкларнинг антифрод тизимлари орқали 3,86 миллиондан ортиқ юқори хавфли сессия аниқланиб, 1,69 триллион сўмлик шубҳали операциялар чекланган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди.
Регулятор маълумотларига кўра, хавфли сессияларнинг ярмидан кўпи «Xalq banki» ҳиссасига тўғри келган. Банкда бир ой давомида 2,03 миллионта шундай ҳолат бўлган. Бу умумий кўрсаткичнинг 52,5 фоизини ташкил этади.
Кейинги ўринларда «Biznesni rivojlantirish banki» (874,3 минг) ва «Ipak yo‘li banki» (161,1 минг) жойлашган.
Шубҳали операциялар бўйича чекланган маблағлар ҳажмида эса «Orient Finans bank» биринчи ўринда турибди. Ушбу банкда 636 миллиард сўмлик операциялар чекланган. «O‘zsanaotqurilishbank»да бу кўрсаткич 613,7 миллиард сўмни, «Xalq banki»да эса 241,6 миллиард сўмни ташкил этган.

Банклар зарарли дастурларга қарши қандай чоралар кўрди?
Октябр ойида банкларнинг антивирус тизимлари орқали юборилган огоҳлантиришлардан сўнг 257 минг 10 та қурилма зарарли файллардан тозаланган.
Бу ерда ҳам «Xalq banki» етакчилик қилган. Банк мижозларига тегишли 80 мингта қурилма тозаланган. «Uzum bank»да 45,4 мингта, «Aloqabank»да эса 35,4 мингта қурилмада зарарли файллар бартараф этилган.
Бундан ташқари, зарарли дастурлар аниқлангани сабабли жами 220 минг 316 фойдаланувчининг банк мобил иловаларидан фойдаланиши чекланган.
Энг кўп чеклов «Hamkorbank»да қайд этилган — 69 минг 567 нафар. «Mikrokreditbank»да 30 минг, «Xalq banki»да эса 24 минг 709 фойдаланувчининг иловадан фойдаланиши чекланган.

Сентябр ойида Марказий банк тижорат банклари ва тўлов ташкилотларида шубҳали операцияларни аниқлаш бўйича янги талабларни жорий этишни таклиф қилган эди. Лойиҳага кўра, антифрод тизимлари тун-у кун ишлаши, операцияларни реал вақт режимида текшириши ва зарур ҳолларда мижоздан қўшимча тасдиқ олиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Марказий банк октябр ойида 6 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортганди.





