Logo

Беларуслик банкирлар Ўзбекистон банк ва финтех секторида раҳбарлик лавозимларини эгалламоқда

Bugun 17:253 daqiqa

Humo, InfinBANK, Uzum, Tez ва Ipoteka Bank каби йирик молиявий ташкилотларда Беларусдан келган топ-менежерлар фаолият юритмоқда. Бу эса мамлакат банк ва финтех бозорида янги тенденцияни шакллантирмоқда.

Беларуслик банкирлар Ўзбекистон банк ва финтех секторида раҳбарлик лавозимларини эгалламоқда © SI asosida yaratilgan

Ўзбекистон банк ва финтех бозори сўнгги йилларда жадал ривожланиб, хорижий мутахассислар учун ҳам жозибадор йўналишга айланмоқда.

Айниқса, Беларусдан келаётган тажрибали банкирлар мамлакатнинг йирик банклари, тўлов тизимлари ва финтех компанияларида юқори лавозимларни эгалламоқда. Бу ҳақда OfficeLife нашри ёзди.

Humo’га Беларусдан яна бир топ-менежер келди

Май ойида Беларуснинг Belkart миллий тўлов тизими оператори — Банк Процессинг Маркази собиқ бош директори Александр Сотников Ўзбекистонда Humo тўлов тизими бошқаруви раиси ўринбосари этиб тайинланди.

Бу билан Сотников Humo тўлов тизимида ишлаётган биринчи беларуслик бўлмади. Ундан аввал, 2024 йилда Банк Процессинг Марказида иқтисодиёт ва молия бўйича бош директор ўринбосари бўлиб ишлаган Елена Бекиш ҳам Humo жамоасига қўшилган эди. 

Ҳозирда у компанияда Стратегик бизнесни ривожлантириш департаменти ижрочи директори лавозимида фаолият юритмоқда.

InfinBANK ва Tez’да ҳам беларуслик раҳбарлар фаолият юритмоқда

Беларуслик мутахассислар анъанавий банклар бошқарувида ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Жумладан, Алеся Фролова InfinBANK бошқаруви раиси ўринбосари сифатида ишламоқда. У Ўзбекистонга кўчиб келишидан аввал Беларусь Халқ банкида турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган.

Рақамли банклар ва необанклар сегментида ҳам беларуслик менежерлар фаол. Александр Филиппович Hamkorbank томонидан ишга туширилган Tez мобил иловасининг бош директори ҳисобланади. У бунгача Uzum Bank’да бош операцион директор ҳамда бошқарув раиси лавозимларида ишлаган.

Филиппович Беларусь банк тизимида 20 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлиб, Belinvestbank, Delta Bank ва BNB-Bank каби молия институтларида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган.

Uzum’нинг молиявий блокини ҳам беларуслик мутахассис бошқармоқда

Беларуслик топ-менежерлар Ўзбекистоннинг энг йирик технологик экотизимларидан бири бўлган Uzum’да ҳам фаолият юритмоқда. Компаниянинг бош молиявий директори Никита Гуляев ҳисобланади. У аввал қарийб тўққиз йил Alfa-Bank Belarus’да ишлаган, ундан олдин эса EY ва PwC каби халқаро консалтинг компанияларининг Беларусдаги офисларида фаолият юритган.

Uzum 2024 йилда 1 млрд доллардан юқори баҳоланишга эришиб, Ўзбекистоннинг биринчи “яккашох” технологик компаниясига айланганди.

Ipoteka Bank’да Беларусь тажрибасига таянилмоқда

Тенденция хорижий капитал иштирокидаги банкларда ҳам кузатилмоқда. Венгриянинг OTP Group таркибига кирувчи Ipoteka Bank’да Дмитрий Волчек бошқарув раиси ўринбосари ва IT блоки раҳбари лавозимини эгаллаган.

Волчек фаолиятини 1998 йилда Беларусь Миллий банкида бошлаган бўлиб, кейинчалик Priorbank, Bank Dabrabyt ва WebPay компанияларида IT йўналишига раҳбарлик қилган.

Нега Ўзбекистон банклари беларуслик мутахассисларни жалб қилмоқда?

Мутахассисларнинг фикрича, Беларусь банк тизими рақамли хизматлар, тўлов технологиялари ва масофавий банк хизматларини ривожлантириш бўйича МДҲ ҳудудидаги илғор тажрибалардан бирига эга.

Шу сабабли Ўзбекистон молия бозори трансформациясида беларуслик менежерлар ва технологик экспертларга талаб юқорилигича қолмоқда.



Teglar

Mavzuga oid