Logo

Бизнесни рўйхатга олиш 15-октябрдан бошланади

Bugun 10:023 daqiqa

Ўзбекистонда бизнес яна бир бор рўйхатга олинади. Президент фармонига кўра, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш 15-октябрдан 30-ноябргача ўтказилади, 2027-йил охиригача аҳолининг статистик регистри шакллантирилади.

Бизнесни рўйхатга олиш 15-октябрдан бошланади © 123rf / Legion-Media

Президент «Статистикани ривожлантириш — 2030» миллий стратегиясини тасдиқлади. Фармонга кўра, 2026-йил 1-октябр ҳолати бўйича Ўзбекистонда бизнесни рўйхатга олиш тадбири 15-октябрдан 30-ноябргача ўтказилади. Шунингдек, аҳолининг статистик регистри шакллантирилиб, унинг асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ва мунтазам эълон қилиб бориш амалиёти жорий этилади.

Бизнесни рўйхатга олиш

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида бизнесни рўйхатга олиш 2026-йил 1-октябр ҳолати бўйича 15-октябрдан 30-ноябргача ўтказилади.

2027-йил 1-январдан эса статистика органлари томонидан ҳар чоракда ўтказиладиган танланма кузатувларга микрофирма ва кичик корхоналар бир йилда фақат бир марта танлаб олиниши мумкин бўлади.

Аҳолининг статистик регистри

Фармонга кўра, 2027-йил якунига қадар аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш натижалари асосида Миллий статистика қўмитасида аҳолининг статистик регистри шакллантирилади.

Унинг асосида аҳоли сонини ҳисоблаш ҳамда бу кўрсаткични мунтазам эълон қилиб бориш амалиёти йўлга қўйилади.

Бунда давлат органларининг аҳолига оид маълумотлар базалари ўзаро мувофиқлаштирилади. Маълумотларни доимий янгилаб бориш учун улар статистик регистрга интеграция қилинади.

Регистр Киберхавфсизлик маркази томонидан тегишли талаблар асосида экспертизадан ўтказилади. Унга киберхавфсизлик талабларига мувофиқлиги бўйича хулоса олинганидан кейин амалиётга жорий этилади. Ахборот тизимининг хавфсизлиги доимий мониторинг қилиб борилади.

Регистр маълумотларидан ким фойдаланиши мумкин?

Аҳолининг статистик регистридан фақат алоҳида рухсат берилган ходимлар статистик мақсадларда жамланма маълумотлар шакллантириш учун фойдаланиши мумкин.

Бунда регистрдаги индивидуал маълумотлардан давлат органлари, бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг фойдаланиши қатъиян тақиқланади.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигининг статистик регистри ҳам шакллантирилади ва ундаги маълумотлар доимий янгилаб борилади.

Статистика соҳасида қандай ўзгаришлар бўлади?

Фармон билан 2026–2030 йилларга мўлжалланган «Статистикани ривожлантириш — 2030» миллий стратегиясининг устувор йўналишлари ҳам белгиланди.

Улар қаторида:

●     расмий статистикани тайёрловчи ташкилотлар фаолиятини ягона ёндашув асосида мувофиқлаштириш;

●     маълумотлар сифатини таъминлаш бўйича институционал салоҳиятни ошириш;

●     статистика услубиятларини халқаро стандартлар ва замонавий моделларга мувофиқлаштириш;

●     рақамли трансформацияни жадаллаштириш;

●     ҳисобот юкини камайтириш;

●     маълумотлар инфратузилмасини модернизация қилиш белгиланган.

Аввалроқ, сентябрь ойи бошида президент раислигида ўтказилган йиғилишда ҳам 2026 йил октябрь–ноябрь ойларида бизнесни рўйхатга олиш тадбири ўтказилиши маълум қилинган эди.

Қайд этилишича, бугунги кунда кузатилмайдиган иқтисодиёт улуши 23 фоизни ёки 246 триллион сўмни ташкил этмоқда. Бунинг 60 фоизи бевосита қишлоқ хўжалиги сектори ҳиссасига тўғри келади.

«Меҳнат билан банд бўлган 15,2 миллион аҳолининг 6,5 миллиони ёки 42 фоизининг даромадлари расмий ҳисобда тўлиқ акс этмаяпти», — дейилади ҳисоботда.

Рўйхатдан ўтган кўплаб кичик ва ўрта бизнес субъектлари амалда ишламаётгани ёки фаолиятини тўхтатгани қайд этилган. Мазкур ҳолат ҳалол ишлаётган ва солиқ мажбуриятларини тўлиқ бажараётган корхоналар учун носоғлом рақобат муҳитини юзага келтирмоқда. Ҳар 4-5 сўмлик иқтисодий айланманинг 1 сўми расмий статистика эътиборидан четда қолмоқда.

Teglar

Mavzuga oid