Британия бош вазири лавозимга киришганидан икки ҳафта ўтиб таътилга чиқди
Унинг бу қарори сиёсий рақиблари томонидан «масъулиятдан қочиш» ва «давлат бошқарувига ножиддий муносабат» дея баҳоланмоқда.

Буюк Британия бош вазири Энди Бёрнем лавозимга киришганидан икки ҳафта ўтиб таътилга чиқди. У оиласи билан вақт ўтказиши учун кундалик вазифаларидан қисқа муддатга танаффус олган, бироқ ҳукумат ишларини масофадан туриб бошқаришда давом этади. Бу ҳақда «The Telegraph» нашри хабар берди.
Даунинг-стрит матбуот хизматига кўра, Бёрнем расмийлар билан доимий алоқада бўлади, учрашувлар ўтказади ҳамда ҳукумат фаолияти юзасидан мунтазам маълумот олиб туради.
«Ҳукумат одатдагидек ишлашда давом этади. Бош вазир расмийлар билан алоқада бўлади, учрашувлар ўтказади ва ҳукумат ишлари бўйича мунтазам ахборот олади», — дейилади бош вазир матбуот хизмати баёнотида.
Нашрнинг ёзишича, Даунинг-стрит Бёрнем ва унинг оиласи қаерга йўл олгани ҳамда таътил қанча давом этишига ойдинлик киритмаган.
Бёрнемнинг таътили танқидларга сабаб бўлди
«The Telegraph» маълумотига кўра, бош вазир йўқлигида Биринчи давлат котиби Луиза Ҳейг шу ҳафта иш фаолиятини давом эттиради. Унинг лавозими техник жиҳатдан ҳукуматдаги энг юқори мақом ҳисобланади. Бироқ Вазирлар Маҳкамасидаги манба бу ҳолат Ҳейг ҳукуматни бошқаради, дегани эмаслигини, чунки Бернем қарорлар қабул қилиш жараёнида иштирок этишда давом этишини билдирган.
Бернемнинг таътили «Reform UK» партияси раиси Ли Андерсон томонидан танқид қилинди.
«Иш бошлаганига эндигина икки ҳафта бўлди ҳамки, Энди Бёрнхэм аллақачон ҳаммасидан тўйди. Молиявий манбаси йўқ бир қатор ваъдаларидан воз кечиб ва 2000 дан ортиқ ноқонуний мигрантларнинг мамлакатимизга бостириб киришига томошабин бўлиб тургач, у хорижга кайф-сафо қилгани қочиб қолди. Бу давлатни бошқаришга жиддий ёндашадиган Бош вазир эмас», — дея унинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.
Нашр таъкидлашича, Буюк Британияда парламент таътилда бўладиган август ойида бош вазирларнинг қисқа муддатли дам олиши одатий ҳол ҳисобланади.
Аввалроқ Кир Стармер ҳам 2024 йил ёзида бош вазирликка киришганидан беш ҳафта ўтиб таътилга чиқишни режалаштирган эди. Бироқ Саутпортдаги қотилликлардан кейин мамлакатда бошланган тартибсизликлар сабаб режасини бекор қилган. Кейинчалик у янги йилда Мадейрага сафар қилган, ўтган августда эса Шотландиядаги таътилини Доналд Трамп билан Украина масаласи бўйича музокаралар учун тўхтатган.





