«Бу бизга ҳам дарс, ҳам сабоқ». Пойтахтдаги янги бекатларнинг томи иссиқ ўтказмайдиган материал билан қопланади
Тошкентда янги автобус бекатлари қурилиши атрофидаги баҳслар давом этар экан, Vaqt.uz журналисти пойтахтда йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича масъулларни саволга тутди. У пойтахтдаги ҳокимлар ёки вазирлар бекатларда автобус кутмаслигини таъкидлаб, бундай бекатлар қурилишидан олдин аҳолининг фикри ўрганилганми ёки йўқми, дея қизиқди.
© Ijtimoiy tarmoqlar28-июль куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида янги бекат мажмуалари бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Vaqt.uz журналисти пойтахт Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази раҳбариятига бир нечта саволлар билан юзланди.
Хусусан, журналист пойтахтдаги ҳокимлар ёки вазирлар ҳадеганда бекатларда турмаслиги, автобус кутмаслигини урғулаб, охирги пайтларда муҳокамлар марказида қолаётган бекатларнинг бир қисми қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилгани, аммо бу одамлар учун қулай эмаслигини таъкидлади. У бу масалада, қолаверса бошқа соҳаларда ҳам халқаро тажриба ўрнига аҳоли сони, маҳаллий иқлимдан келиб чиқиб Ўзбекистон тажрибасини жорий этиш кераклигини билдирди.
«Ҳамма йўналишларда ҳам автобуслар минут-минут, секунд-секундда келаётгани йўқ. Беш дақиқа, 10 дақиқа, керак бўлса 40 минутлаб остановкаларда турган кунимиз ҳам бўлади. Нима учун қайта-қайта ўзгартиришимиз керак? Худди панжараларга 8 миллиард пул ажратилиб, яна қайта кўриб чиқишимиз кераклиги эсимизга тушиб қолгандек, бекатлар ҳам шу ҳолатга келяпти-да!», — дейди журналист.
У масъулларга бундай бекатлар қурилишидан аввал аҳолининг фикри ўрганилганми, одамлар бундай бекатларга ҳақиқатдан ҳам эҳтиёж сезадими, деган саволларни ўртага ташлади. Шунингдек, бу ишларга масъул бўлганлар ушбу масалалар ҳақида қай даражада бош қотиргани билан ҳам қизиқди.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази раҳбари ўринбосари Фурқат Муродов эса журналист саволларига жавоб берар экан, бу бўйича йўл ҳаракатини ташкил этиш марказининг фаолиятини бошлаш бўйича давлат раҳбарининг қарори борлигини айтди. Унинг айтишича, ана шу қарорда ташкилотга бу йил мажбурий топшириқ қўйилган. Яъни ташкилот 2026-йилда 1000 дан ошиқ бекатнинг ижара ҳуқуқини аукционга чиқариши керак.
«Биз шу талаб ижросини, яъни ҳукумат топшириғининг ижросини ташкил этишни бошладик. Ҳозир кўп хорижий мутахассислар билан ишлаймиз. Бекатларни йўловчи учун қулай аҳволга келтирмасдан туриб, жамоат транспортининг жозибадорлигини ошира олмаймиз. Агар йўловчи бекатда, перронда, дейлик автобусни кутиш вақтида қулайлик бўлмаса, биз жамоат транспортининг жозибадорлигини ошира олмаяпмиз. Шунинг учун, нафақат дўконли бекатлар, балки Тошкент шаҳридаги барча бекатларни биз беш босқичга бўлиб, биринчи босқичини бошладик. Конструкциясини ўзгартирамиз демаяпман. Мана 10 кун вақт давомида 40 градусдан ошиқ иссиқ бўлди. Ҳақиқатда иссиқ бўлди. Бу пайтда нафақат у бекатда, балки кўчанинг ўзида туриб юришнинг ўзи қийин бўлди. Балким ўша соя берадиган қисмини узайтириш керакдир», — дейди Муродов.
У бу борада эътирозларни тўғри қабул қилиб, тадбиркорга иссиқ ўтказаётган бекатларнинг томини иссиқ ўтказмайдиган материал билан қоплаш бўйича талаб қўяётганини айтди.
«Мен эътирозларни тўғри қабул қилиб, тадбиркорга талаб қўйяпман. Сенинг бекатингда, демак, бу конструкцияда соя етишмаяпти. Бу конструкция иссиқ ўтказяпти, бу иккита камчиликни тўғрилайсан, деб. Бу бизга ҳам дарс, ҳам сабоқ», — таъкидлайди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда янги автобус бекатлари қурилиши атрофидаги баҳслар муҳокама қилиниб, уларнинг реал қиймати очиқланганди ва молиялаштириш манбалари маълум бўлганди.





