Бюджет тақчиллигини қоплаш учун Россия 1998-йилдан бери энг кўп олтин сотди
Россия Марказий банки бюджет тақчиллигини қоплаш учун захирадаги олтинни кетма-кет ўнинчи ой сотмоқда. 2026-йилда бюджет тақчиллиги 7,3 трлн рублга етиши мумкин.
© Ijtimoiy tarmoqlarРоссия Марказий банки сентябрда олтин захирасини 200 минг трой унсияга, яъни қарийб 6,2 тоннага камайтирди. Натижада захира ҳажми 72,8 миллион трой унсияга тушди. Бу 2019-йил охиридан бери энг паст даража ҳисобланади.
2025-йил декабридан бери Россия олтин захираси қарийб 2 миллион трой унсияга, яъни 62 тоннага қисқарди. Халқаро валюта жамғармаси статистикасига кўра, замонавий тарихда бундай тезликдаги сотув фақат 1998-йилда, молиявий инқироз даврида кузатилган.
Ўша йили дефолт, валюта инқирози ва давлат қисқа муддатли облигациялари бозоридаги танглик фонида Марказий банк уч ой ичида 118 тонна олтин сотган. Бироқ йил охирига келиб сотилган қуймаларнинг бир қисми қайта сотиб олинган. Йил давомида захиранинг соф қисқариши қарийб 50 тоннани ташкил этган.
Бюджет тақчиллиги босими
«Финам» таҳлилчиси Александр Потавиннинг фикрича, нефт ва газдан тушадиган даромад камайгани учун Россия ҳукумати Миллий фаровонлик жамғармаси активларини, жумладан олтинни кўпроқ сотмоқда. Марказий банк эса бу орқали мамлакатда хорижий валюта етишмаслигини қоплашга ҳам ҳаракат қилиши мумкин.
Россиянинг 2026-йилги бюджет тақчиллиги дастлаб режалаштирилганидан икки баравар кўп бўлиб, 7,3 триллион рублга етиши кутилмоқда. Шу сабабли давлат харажатларини қоплаш учун олтин захираларини сотишга тўғри келмоқда.
Олтин Хитойга сотилмоқда
Россия 1990-йиллар охиридан 2022-йил бошигача олтин захирасини беш баравардан кўпроқ ошириб, 2,3 минг тоннага етказган. Ўша пайтда Россия олтин захираси ҳажми бўйича дунёда бешинчи ўринда эди.
Лондон бозори Россия олтинини қабул қилишни тўхтатганидан кейин мамлакат ўз экспортининг катта қисмини Хитойга йўналтирди. Хитой божхонаси маълумотларига кўра, 2026-йилнинг январ–июл ойларида Россиядан Гонконгга қарийб 100 тонна олтин олиб кирилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баравар кўп. «Financial Times» ҳисоб-китобларига кўра, Россия Украинага қарши урушни бошлаганидан бери Гонконг орқали 35 миллиард долларлик олтин экспорт қилинган.





