Logo

Чирчиқда 24/7 режимда ишловчи биринчи гастрономик кўча очилди

Кўчада жами 43 та умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти жойлашган.

Чирчиқда 24/7 режимда ишловчи биринчи гастрономик кўча очилди © Foto: gov.uz

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида кеча-ю кундуз фаолият юритадиган Амир Темур гастрономик кўчаси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси маълум қилди.

Янги жамоат маскани маҳаллий аҳоли ва сайёҳларга куннинг исталган вақтида овқатланиш, дам олиш ва хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Кўчада жами 43 та умумий овқатланиш, савдо ва хизмат кўрсатиш объекти жойлашган бўлиб, уларнинг 10 таси ўз фаолиятини илк бор бошлаган. Маълум қилинишича, лойиҳа доирасида 332 та янги иш ўрни яратилган.

Инфратузилма ва келгуси режалар

Қайта таъмирлаш ишлари доирасида кўчада замонавий пиёдалар йўлаклари, болалар майдончаси, спорт билан шуғулланиш учун воркаут (workout) зонаси, фотозоналар ва яшил ҳудудлар барпо этилган.

Шунингдек, бу ерда фавворалар ҳамда лазерли ёритиш тизимига эга декоратив ариқ ишга туширилган. Қўмита маълумотига кўра, ушбу лойиҳа президент ташаббуси билан замонавий шаҳар муҳитини ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида «Драйвер» лойиҳалари доирасида амалга оширилган. Бу каби кўчалар миллий таомлар ва замонавий хизматларни бир жойда тақдим этиш орқали ҳудуднинг туристик жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 27 июл куни Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларини тасдиқлаган эди. Унга кўра, 2030 йил якунига қадар пойтахтда гастрономик, туристик ва туну кун ишлайдиган кўчалар сонини 100 тага, уларнинг узунлигини эса 118,4 километрга етказиш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми Чилонзор (11 та), Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Сергели ва Янгиҳаёт (10 тадан) туманларида жойлашиши белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid

Чирчиқда 24/7 режимда ишловчи биринчи гастрономик кўча очилди | Vaqt.uz