Logo

Coca cola ёки Pepsi: Ўзбекистонда ким кўпроқ даромад топмоқда?

Bugun 16:153 daqiqa

2025 йилда Coca-Cola Ўзбекистон бюджетига 1,1 трлн сўм солиқ тўлаган бўлса, Pepsi 599 млрд сўм тўлаган. Икки компания даромадларида ҳам сезиларли фарқ бор.

Coca cola ёки Pepsi: Ўзбекистонда ким кўпроқ даромад топмоқда? © quartr.com

2025 йилда Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan МЧЖ (Coca-cola) 7,6 трлн даромад қилган бўлса, International Beverages Tashkent МЧЖ (Pepsi) эса 3,7 трлн сўм даромад кўрган. Бу ҳақда VAQT.UZ ўрганган iHamkor платформаси маълумотларида келтириб ўтилган.

Coca-Cola, Fanta, Bonaqua ва Sprite каби ичимлик брендларига эгалик қилувчи Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan'нинг соф фойдаси 2025 йилда 1,15 трлн сўмни ташкил этган. 

Шунингдек, 2025 йилда Coca-cola'нинг Ўзбекистондаги йиллик ўсиш суръати 33,7 фоизни ташкил этиб, умумий ҳажм 220 млн донага етди. Бу компания кунига ўртача 602 минг 740 дона ичимлик сотиб, 20 млрд 821 млн сўм даромад олганини англатади.

International Beverages Tashkent МЧЖ эса 2025 йилда 191,11 млрд сўм соф фойда олган. Бу кўрсаткич 2024 йилдаги 59,4 млрд сўмлик фойдага нисбатан 223 фоизга ўсган. 2025 йилда компаниянинг кунлик ўртача тушуми 10 млрд 167 млн сўмни ташкил этган.

International Beverages Tashkent — Pepsi, Rockstar, Mirinda, 7Up, Lipton, Sting, Adrenaline Rush ва Mountain Dew ичимликларини ишлаб чиқаради.

Ушбу икки компания Ўзбекистон иқтисодиётига йирик солиқ тўловчи ва мамлакат ичимликлар бозорида етакчи иштирокчилар сифатида фаолият юритади. iHamkor.uz маълумотларига кўра, Coca-cola компанияси мамлакатдаги энг йирик 20 та солиқ тўловчидан бири. Тошкент шаҳри бўйича 13-ўринда туради. Pepsi эса солиқ тўлаш бўйича Ўзбекистонда 34-ўринда туриши қайд этилган.

Coca-cola ва Pepsi ҳақида

Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan 1993 йилда Ўзбекистон давлати ва The Coca-Cola Company иштирокида ташкил этилган қўшма корхона ҳисобланади.

Компаниянинг биринчи заводи 1994 йилда Тошкент шаҳрида иш бошлаган. Кейинчалик Тошкент, Наманган ва Урганч шаҳарларида янги ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилиб, мамлакатнинг барча ҳудудларини маҳсулот билан таъминлаш тизими шакллантирилди.

2019 йилдан бошлаб корхонани хусусийлаштириш жараёни бошланди. 2021 йил сентябр ойида Coca Cola İçecek А. Ş. (CCI, Туркия) компаниялар гуруҳи компаниядаги 57,118 фоизга тенг бўлган давлат улушини 252,28 млн долларга сотиб олди.

Компаниядаги қолган The Coca Cola Export Corporation'нинг 42,88 фоиз улушини эса 2021 йилнинг декабр ойида сотиб олди. Келишув суммаси оммага маълум қилинмаган. 

Бугунги кунда Coca-Cola Ichimligi Uzbekistan мамлакатдаги энг йирик алкоголсиз ичимликлар ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлиб, йиллик миллиардлаб литр маҳсулот ишлаб чиқаради.

Ўзбекистонда Pepsi бренд маҳсулотлари эса International Beverages Tashkent компанияси томонидан ишлаб чиқарилади. Компания тарихи 2011 йилда Тошкент шаҳридаги Себур ичимликлар заводи негизида ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш билан бошланган.

2018 йилда эса компаниянинг Андижон вилоятининг Хонабод шаҳрида янги йирик заводи қурилди. Ушбу корхонада биринчи маҳсулот 2019 йил сентябрида ишлаб чиқарилди. 

Шунингдек, ўтган йили International Beverages Tashkent Baraka маркет супермаркетлар тармоғининг эгаси Urban Retail’нинг 100 фоиз улушини сотиб олди. Икки компаниянинг ҳам эгаси Holten Group'га алоқадор айни юридик шахслар ҳисобланади.

Ҳозирда Holten Enterprise Holdings Ltd ва Holten Group Corp компаниялари мос равишда 99,9 фоиз ва 0,1 фоиз улуш билан International Beverages Tashkent таъсисчилари ҳам ҳисобланади.

Teglar

Mavzuga oid