Logo

Давактив собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид жиноят иши ҳам судга оширилди

Bugun 17:412 daqiqa

Акмалхон Ортиқовга нисбатан ўзлаштириш ёки растрата, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш ҳамда мансаб сохтакорлигига оид кўп эпизодли жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.

Давактив собиқ раҳбари Акмалхон Ортиқовга оид жиноят иши ҳам судга оширилди © Foto: president.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги собиқ директори Акмалхон Ортиқовга нисбатан жиноят иши судга оширилди. Суд мажлислари жадвалига кўра, навбатдаги суд 20-июл куни соат 14:30 га тайинланган. Ишни судья Хасан Очилов кўриб чиқмоқда.

Қандай айбловлар қўйилган?


Акмалхон Ортиқов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а, в, г» бандлари, 206-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари ҳамда 209-моддаси 1-қисми ва 2-қисми «а, б» бандлари билан айбланмоқда. Улар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва мансаб сохтакорлигига оид айбловларни ўз ичига олади.

Иш доирасида «Smart Expert Group» раҳбари Зиёвиддин Жабборов, «Veritas» раҳбари Зуҳриддин Ниғманхонов, «Master Expert» таъсисчиси Равшан Халиткариев, «Kontinent Imkon Baho» раҳбари Шерматжон Жўраев ҳамда Сайиджон Саидов ҳам судланмоқда. Уларга ҳам ўзлаштириш ёки растрата ва мансаб сохтакорлиги, айримларига эса нодавлат ташкилот мансабдор шахсининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ айбловлар қўйилган.

Тергов маълумотларига кўра, олти нафар судланувчидан икки нафарига, жумладан Акмалхон Ортиқовга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Қолган тўрт нафарга эса гаров ва муносиб хулқ-атворда бўлиш тарзидаги эҳтиёт чоралари белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2026-йил 27-январдаги селектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Ортиқов лавозимидан озод этилганини маълум қилиб, Давактив ва «Ўзбекнефтгаз»да йирик талон-торожлик ҳолатлари аниқланганини маълум қилганди. Президентга кўра, бозор қиймати камида 250 млрд сўм бўлган ер участкаси ёпиқ аукцион орқали 120 млрд сўмга сотилган.

Аввалроқ «Ўзбекнефтгаз» собиқ раиси Баҳодир Сиддиқов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши ҳам судга оширилганлиги ҳақида хабар берилганди.

Teglar

Mavzuga oid