«Давлат харидларини кабинетда ўтириб ислоҳ қилиб бўлмайди». Давлат харидларида мансабдорлар бозорни эшитишга чақирилди
Давлат харидлари соҳасида ўтказилган очиқ мулоқотда юзлаб иштирокчилар муаммо ва таклифларини билдирди. Экспертлар давлат органларини бозор билан мулоқотни кучайтиришга чақирмоқда.

2026-йил 11-июн куни давлат харидлари тизими иштирокчилари билан очиқ мулоқот ўтказилди. Дастлаб 100 нафар иштирокчига мўлжалланган тадбирга амалда 200 нафардан ортиқ киши ташриф буюрди.
Тадбир давомида етказиб берувчилар, буюртмачилар, брокерлар, логистлар, юристлар ва бошқа бозор иштирокчилари давлат харидлари соҳасидаги муаммоларни муҳокама қилди. Якунларга кўра, тендер жараёнлари, электрон платформалар, шартномалар ижроси, шаффофлик ва рақобат муҳитига оид қарийб 120 та мурожаат, шикоят ва таклиф келиб тушди.
Давлат харидлари бўйича мутахассис Комол Ниязовнинг фикрича, бу кўрсаткичлар соҳада йиғилиб қолган муаммолар долзарблигини ва иштирокчиларнинг ўз фикрини билдиришга бўлган юқори қизиқишини намоён этган.
Давлат органлари иштироки етарли бўлмади
Тадбирга давлат харидлари тизими билан боғлиқ 40 дан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлари таклиф қилинган бўлса-да, уларнинг атиги 2–3 таси вакил юборган.
Эксперт фикрича, бу ҳолат давлат органлари ва бозор иштирокчилари ўртасидаги мулоқотнинг ҳали ҳам етарли даражада эмаслигини кўрсатади. Унинг қайд этишича, давлат харидлари каби мураккаб тизимни фақат норматив ҳужжатлар орқали эмас, балки амалиётда иштирок этаётган тадбиркорлар ва мутахассисларни эшитиш орқали такомиллаштириш мумкин.
Шу муносабат билан масъул идоралар, электрон операторлар ва назорат органлари бозор иштирокчилари билан мунтазам учрашувлар ўтказиши зарурлиги таъкидланди.
Тизимли ислоҳотлар бўйича таклифлар тайёрланади
Маълум қилинишича, Давлат харидлари иштирокчилари ассоциацияси 30 июнь куни АУГЗ'нинг биринчи кенгаш йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда. Унда давлат органлари, етказиб берувчилар, буюртмачилар, юристлар, логистлар ва экспертлар иштирок этиши кутилмоқда.
Кенгаш доирасида очиқ мулоқотда билдирилган таклифлар таҳлил қилиниб, қонунчиликни такомиллаштириш, электрон платформалар фаолиятини яхшилаш ва давлат харидлари тизимидаги муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 11-август куни давлат харидлари иштирокчилари билан иккинчи очиқ мулоқотни ўтказиш режалаштирилган. Муаллиф фикрича, давлат харидларида шаффофлик ва самарадорликни ошириш учун давлат ва бизнес ўртасидаги доимий мулоқот муҳим аҳамиятга эга.





