Дунёдаги ҳар бир одамга 44 минг доллардан тўғри келмоқда. Бу нима дегани?
Давлат қарзининг қимматлашиши охир-оқибат оддий фуқароларнинг чўнтагига таъсир қилади. Ҳукуматлар қарз фоизларини тўлаш учун кўпроқ маблағ ажратар экан, аҳоли солиқлар ошиши ёки ижтимоий хизматлар қисқариши хавфига дуч келади. Ҳозир ривожланган мамлакатлар қарз фоизларига бир йилда 3,3 триллион доллардан ортиқ сарфламоқда.

Сўнгги ҳафталарда Европада юз минглаб одамлар яшаш харажатларининг ортиши, паст маошлар, уй-жойнинг қимматлашиб кетгани ва мактабларнинг етарлича молиялаштирилмаётганидан норози бўлиб кўчаларга чиқди. Франция, Белгия, Италия ва Португалияда аксарият намойишлар тинч ўтган бўлса-да, айримлари тўқнашувлар, талон-торож ва ёнғинларга айланиб кетди.
Намойишлар ҳукуматлар назорат қилишга қийналаётган молиявий тангликни кун тартибига олиб чиқди. Йиллар давомида олинган йирик қарзлар Европанинг кўплаб мамлакатларини қарз ботқоғига ботирди ва бу қарзларни узиш кун сайин қимматлашмоқда. Франциянинг қарз олиш харажатлари 2002 йилдан буён энг юқори даражага етди. Ҳукуматлар фоизларни тўлаш учун қанча кўп пул сарфласа, намойишчилар талаб қилаётган мактаблар, шифохоналар ва пенсиялар учун шунча кам маблағ қолади.
Ҳукуматлар қандай қарз олади?
Ҳукуматлар ҳам худди оддий одамлар каби қарз олади, лекин улар банкка бориш ўрнига ўз облигацияларини сотувга чиқаради. Бунинг эвазига ҳукумат харидорларга фоиз тўлайди ва белгиланган санада пулни тўлиқ қайтаришни ўз зиммасига олади. Масалан, 10 йиллик облигация — бу ҳукумат ўн йилдан кейин қайтарадиган қарздир. Унинг тўлови — молия бозорларининг мамлакат ўз қарзларини бошқара олишига қанчалик ишонишини кўрсатувчи энг муҳим ўлчов ҳисобланади.
Бу тизим қуйидагича ишлайди:
1. Ҳукумат қарз олади – Сармоядор 10 йиллик облигация учун 100 евро тўлайди.
2. Ҳукумат фоиз тўлайди – 10 йил давомида ҳар йили сармоядор қатъий белгиланган миқдорда тўлов олиб туради. Масалан, 2,5 фоизлик ставкада бу йилига 2,50 евро, ўн йилда жами эса 25 евро дегани. 5 фоизлик ставкада эса йилига 5 евро ва жами 50 евро бўлади.
3. Ҳукумат қарзни қайтаради – 10 йилдан сўнг сармоядор ўзининг дастлабки 100 евросини тўлиқ қайтариб олади.
Қарз олиш қимматлашса нима бўлади?
«Al Jazeera» нашрининг таъкидлашича, облигациялар нархи тушиб кетса, уларнинг даромадлилиги ортади, бу эса ўз навбатида қарз олишни қимматлаштиради. Худди ипотека кредити бўйича юқори фоиз ставкасига дуч келган оила каби, ҳукумат ҳам фоизларни тўлаш учун кўпроқ маблағ сарфлашга мажбур бўлади. Натижада мактаблар, шифохоналар ҳамда йўллар каби энг зарур эҳтиёжларга камроқ пул қолади.
Европанинг йирик иқтисодиётлари учун 10 йиллик қарз олиш харажатлари евро муомалага киритилган даврдан, аниқроғи, 2000 йилларнинг бошларидан бери 5 фоизгача кўтарилмаган эди. 2010 йилдан то 2012 йилгача давом этган евроҳудуддаги қарз инқирози даврида фақат Греция, Италия ва Испания каби иқтисодий жиҳатдан қийналаётган давлатларгина шунча ёки ундан кўпроқ фоиз тўлаган. Тўлов 7 фоиздан ошиб кетгани эса Ирландия ва Португалияни молиявий ёрдам сўрашга мажбур қилган эди.
Айни пайтда 10 йил муддатга қарз олиш учун Франция тахминан 5 фоиз, Германия эса 3,41 фоиз тўламоқда. Ўртадаги бу тафовутнинг тобора ўсиб бораётгани сармоядорлар Францияга қарз бериш эвазига юқорироқ фойда талаб қилаётганини кўрсатади.
Ҳозирда Франция евроҳудуддаги қарз инқирозидан энг кўп жабр кўрган икки давлат — Италия ва Грециядан ҳам кўпроқ ҳақ тўламоқда. Фақатгина евро муомаласидан ташқарида бўлган Буюк Британиягина Францияга қараганда кўпроқ фоиз тўлайди.
Қайси давлатлар энг кўп қарздор?
Қўшма Штатлар 41,4 триллион долларлик (бу ўз иқтисодиёти, яъни ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) 127 фоизига тенг) ҳукумат қарзи билан яққол етакчи бўлиб турибди. АҚШ қарзларни жаҳоннинг асосий захира валютаси ҳисобланган долларда олгани сабабли ўзига хос имтиёзга эга. Бу эса Америка қарзларига бўлган глобал талабни доимий равишда қўллаб-қувватлайди. Аммо унинг ҳам қарз олиш имкониятлари чексиз эмас.
Кейинги ўринда 22,5 триллион доллар (ЯИМнинг 104 фоизи) қарз билан Хитой туради. Япония эса 8,7 триллион доллар қарздор бўлиб, бу кўрсаткич йирик иқтисодиётлар орасида энг юқориси ҳисобланади ва мамлакат ЯИМнинг 199 фоизини ташкил этади. Буюк Британиянинг қарзи 4,4 триллион доллар ёки ЯИМнинг 102 фоизига тенг.
Франция 4,2 триллион долларлик (ЯИМнинг 118,5 фоизи) қарзи билан дунёда бешинчи ўринда туради. Тўғри, бу Италиянинг 3,7 триллион долларлик қарзидан миқдор жиҳатидан кўп, бироқ Италия қарзининг ўз иқтисодиётига нисбати Францияникидан юқорироқ — 138 фоизни ташкил қилади. Германиянинг қарзи эса 3,5 триллион доллар бўлиб, бу мамлакат ЯИМнинг бор-йўғи 65 фоизига тенг.
Халқаро валюта жамғармаси прогнозига кўра, 2030 йилга бориб Франциянинг давлат қарзи ЯИМнинг 121,8 фоизигача кўтарилади. Бу эса мамлакатнинг давлат молия тизимини барқарор йўлга қўйиш борасидаги саъй-ҳаракатларини янада қийинлаштиради.
3,3 триллион долларлик фоиз тўловлари
Халқаро молия институти («IIF») маълумотларига кўра, ҳукуматлар, уй хўжаликлари ва компаниялар қарзларини ўз ичига олган глобал қарз 2026 йилнинг биринчи ярмида 10 триллион долларга ошиб, 365 триллион доллардан ортиб кетди. Бу Ер юзидаги ҳар бир инсонга тахминан 44 минг доллардан қарз тўғри келади, деганидир. Бу ўсишнинг асосий қисми ривожланаётган бозорлар ҳиссасига тўғри келди.
Бу қарзларни тўлаш жуда катта маблағ талаб этади. Ўтган бир йил ичида ривожланган иқтисодиётга эга давлатлар ҳукумат облигациялари бўйича фоиз сифатида 3,3 триллион доллардан кўпроқ маблағ тўлади. Бу бутун дунё бўйича мудофаага (3,1 триллион доллар), сунъий интеллектга (2,6 триллион доллар) ёки тоза энергияга (2,3 триллион доллар) сарфланадиган маблағлардан ҳам кўпдир.
Аҳоли учун фоиз харажатларининг ошиши — мактаблар, шифохоналар ва пенсиялар каби ижтимоий хизматлар учун камроқ маблағ қолишини англатади. Ҳукуматлар бу харажатларни қоплаш учун ё солиқларни оширишга, ёки бошқа харажатларни қисқартиришга мажбур бўлади.





