Logo

Энергетика тизимини 2050 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади

Bugun 14:583 daqiqa

2027 йилдан мамлакатда уч йиллик прогнозлар ва инвестиция режалари жорий этилади, шунингдек, кадрлар тайёрлашга 50 миллион долларгача грантлар жалб этиш режалаштирилган.

Энергетика тизимини 2050 йилгача ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади © Getty images

Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни ёқилғи-энергетика соҳасини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирларни белгиловчи фармонни имзолади.

Ҳужжатда соҳани режалаштиришнинг янги ёндашувлари назарда тутилган. Унга кўра, ҳар йили август ойигача Энергетика вазирлиги Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Энергетика бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги билан биргаликда уч йиллик давр учун энергетика ресурсларига бўлган талаб прогнозларини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари кесимида тасдиқлайди.

Ушбу прогнозлар асосида истеъмолчиларни энергетика ресурслари билан таъминлаш бўйича уч йиллик стратегик режа ишлаб чиқилади. Прогноз ва режа октябрь ойи охиригача эълон қилиниши керак.

Энергетика соҳасидаги инвестиция лойиҳалари олдиндан режалаштирилади

Стратегик режа асосида ноябрь ойи охиригача соҳа учун уч йиллик инвестиция режалари ишлаб чиқилади. Уларда истиқболли энергетика лойиҳалари, уларнинг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари, молиялаштириш манбалари, зарур ер майдони ва инвестиция ҳажми кўрсатилади.

Инвестиция режалари йил якунигача тасдиқланиб, эълон қилинади. Лойиҳанинг буюртмачиси — давлат ҳамкори — маҳаллий ва халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаши, шундан сўнг очиқ танлов эълон қилиши керак.

Лойиҳалар доирасида индивидуал имтиёз ва преференциялар беришга, шунингдек, инвестиция режасига киритилмаган лойиҳаларни бошқаришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, қурилиш ёки реконструкция ишлари олиб борилаётган пайтда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш манбаларини излаш тақиқланади. Фақат хусусий инвестициялар ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳалар бундан мустасно.

2050 йилгача энергетикани ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади

Идоралар 2050 йилгача истеъмолчиларни энергетика ресурслари билан барқарор таъминлаш концепциясини ҳам ишлаб чиқиши керак.

Концепцияда қуйидагилар акс эттирилади:

●     ёқилғи-энергетика ресурслари соҳасидаги салоҳият;

●     демографик ўзгаришлар, ҳудудларнинг ихтисослашуви ва иқтисодиёт тармоқларининг ривожланишини ҳисобга олган ҳолда энергетика ресурсларига узоқ муддатли талаб прогнози;

●     энергетикани диверсификация қилиш ва муқобил энергия манбаларини, жумладан, «яшил» ва атом энергетикаси ҳамда энергия сақлаш тизимларини жорий этиш истиқболлари;

●     энергия тежамкор, рақамли ва инновацион ечимларни жорий этиш, шунингдек, экологик тоза янги авлод технологияларига босқичма-босқич ўтиш механизмлари;

●     энергетика хавфсизлиги ва мустақиллигини таъминлаш.

Ҳужжатни Вазирлар Маҳкамасига киритиш ва унинг тасдиқланган вариантини декабрдан кечиктирмай эълон қилиш вазифаси қўйилган. Концепция ҳар беш йилда янгиланади.

Энергетика соҳаси учун кадрлар тайёрлашга эътибор қаратилади

Яна бир устувор йўналиш кадрлар тайёрлаш бўлади. Бошқарув самарадорлиги агентлиги Энергетика вазирлиги, Энергетика бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш агентлиги, Ўзэнергоинспекция ҳамда соҳа корхоналари ходимлари учун ривожланган давлатларда стажировкалар ташкил этади.

Улар ёқилғи-энергетика комплекси, энергетикани режалаштириш, диспетчерлик хизмати фаолияти ва бошқа йўналишларни ўрганади.

2030 йилгача ҳар йили энергетика соҳаси бўйича 50 нафар талабани хориждаги етакчи олий таълим муассасаларида ўқитиш режалаштирилган. Шунингдек, соҳадаги кадрлар салоҳиятини ошириш учун 50 млн доллар миқдорида грант маблағларини жалб қилиш кутилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid