Эрон дрони Британиянинг Кипрдаги авиабазасига зарба берди

02.03.2026 | 20:282 daqiqa

Кипрдаги Британия ҳарбий объектига берилган зарба 1986-йилда Ливия жангарилари томонидан ракета ҳужумидан бери ҳарбий обектга қилинган илк ҳужум бўлди.

Эрон дрони Британиянинг Кипрдаги авиабазасига зарба берди

2 мартга ўтар кечаси Эронда ишлаб чиқарилган «Shahed» дрони Кипрдаги Британиянинг Акротири ҳарбий-ҳаво базасига зарба берди. Расмийлар маълумотига кўра, ҳужум оқибатида учиш-қўниш йўлагига енгил шикаст етган, қурбонлар йўқ.

Кипр ҳеч қандай ҳарбий операцияларда иштирок этиш нияти йўқ

Кипр президенти Никос Христодулидес дрон соат 00:03 да ҳарбий ҳудудга қулаганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, республика барча хавфсизлик хизматлари тўлиқ шай ҳолатга келтирилган. Шу билан бирга, Кипр ҳеч қандай ҳарбий операцияларда иштирок этмаётгани ва иштирок этиш нияти йўқлигини билдирди.

Британия бош вазири Кейр Стармер 1-март куни Лондон АҚШнинг илтимосини қабул қилиб, базаларни Эрон ракеталарига қарши мудофаа зарбалари учун фойдаланишга рози бўлганини айтган эди. Бироқ Британия ташқи ишлар вазири Иветт Купер АҚШ Акротири базасидан фойдаланиш бўйича алоҳида сўров юбормаганини маълум қилди.

Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқи аъзо давлатлари ҳар қандай таҳдидга қарши бирдам эканини қайд этди. Айни пайтда, манбаларга кўра, ҳужум Европа Иттифоқига аъзо давлатни минтақавий можарога тортишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.

Акротири қишлоғи аҳолиси уйларини тарк этди

Ҳужум ортидан Акротири қишлоғи аҳолиси тун давомида уйларини тарк этган. Айрим фуқаролар Лимасолдаги ҳарбий казармаларга жойлаштирилган. База маъмурияти атрофда яшовчиларга вақтинча уйларида қолиш тавсиясини берди.

Акротири Британиянинг Кипрда сақлаб қолган икки суверен базасидан бири бўлиб, орол мустақилликка эришган 1960 йилдан буён Лондон назоратида. Ҳозирда Кипрда тахминан 7 минг нафар британ ҳарбийлари ва уларнинг оила аъзолари истиқомат қилади.

Teglar

Mavzuga oid