Logo

Фермерни ҳақоратлаган Қува ҳокими жазоланди

Bugun 19:562 daqiqa

Унга нисбатан «ҳайфсан» жазоси қўлланилди.

Фермерни ҳақоратлаган Қува ҳокими жазоланди

Фарғона вилояти Қува тумани ҳокими Ҳалимжон Умаров фермерлар билан ўтказилган йиғилишда одоб-ахлоқ қоидаларини бузгани сабабли унга нисбатан «ҳайфсан» жазоси қўлланилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларда Қува тумани ҳокими экани айтилган шахснинг йиғилиш давомида фермерни уятли сўзлар билан ҳақорат қилгани ва ерни мажбуран топширишга кўрсатма бергани акс этган аудиоёзувлар июн ойида тарқалган эди.

«Ўзи бажармадими анавини? Булар оилавий суғоради, пахтани ичида чўмилса ҳам бўлаверади. Эй, сен …[сўкиниш] гаплашгим келмаяпти мен билан? … ўйин қиляпсанми? Мен сенга бекорга қаттиқ текканим йўқ, … Шу фермерларни … чиқарган сен бўласан. Мен сенга неча марта айтганман фермерингда, шийпонингда тўплаб, штаб қил деганман. Ҳеч бўлмаганда икки кунда бир, уч кунда бир бўлса ҳам бор деганман. Бир ойлаб ҳам бормаган экансан фермерларга. ММТУ раислигини қилиб юриб, а? Сени уч кундан бери қидираман, топилмайман. Эй, !!! … тиқиб қўяйми ҳозир? Тиқилгинг келяптими? Бўлди, тиқиласан… Яхшиликни билмаган… Қилгиси келмаяптими? Ол, ерни топшир… Бор, ҳозироқ аризасини ол. Олиб кир, ҳокимиятга олиб кириб, хонада ёз. Йиғиштир, турва-халтангни. Ҳозир кириб топширсин. Бўлди, ол», — дейилади тарқалган аудиоёзувда.

Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ҳокимлиги хизмат текшируви тайинлаган. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги эса ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва текширув ўтказиш бўйича вилоят ҳокимлигига тақдимнома киритган. Кўриб чиқилган тақдимнома хулосасига асосан туман ҳокими интизомий жазога тортилган.

Олдинги фаолият ва назорат


Ҳалимжон Умаров 2021 йилнинг феврал ойидан бошлаб Қува тумани ҳокими лавозимида ишлаб келмоқда. Бунга қадар у Фарғона вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.

Агентлик давлат хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этилиши устидан назорат ва қонун бузилиш ҳолатларига нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ишлари давом эттирилишини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid