Германияда ўта ўнг кучлар нацистлар давридан буён илк бор сайловларда тарихий натижага эришди
Партия сайлов рўйхатининг етакчиси 2014-йилда канцлер Ангела Меркелнинг сиёсий йўналишига рози бўлмагани сабабли Христиан-демократик иттифоқ сафидан чиқарилганди. Германия оммавий ахборот воситалари уни аллақачон мамлакатдаги «энг хавфли одам» деб атаган.
© Foto: CBS NewsЎнг қанот популистик «Германия учун муқобил» (AfD) партияси 6-сентябр куни Германиянинг Саксония-Анҳалт федерал ерида бўлиб ўтган ландтаг — яъни ер парламенти сайловларида катта фарқ билан ғалаба қозонди.
2661 та сайлов участкасининг барчасидан олинган натижалар ҳисоблаб чиқилди. Ҳисоб-китоблар 7-сентябрга ўтар кечаси якунланди. Якуний натижаларга кўра, AfD 43,8 фоиз овоз олди.
Иккинчи ўринни Христиан-демократик иттифоқ (SDU) эгаллади. У 17,2 фоиз овоз тўплади. Учинчи ўринда эса Германия социал-демократик партияси (SPD) бўлиб, унга сайловчиларнинг 9,3 фоизи овоз берди. Шунингдек, сайловларда 5 фоизлик тўсиқдан яна бир партия — Сара Вагенкнехт иттифоқи (BCW) ҳам ўта олди. Ушбу партия 5,3 фоиз овоз олди.
AfD сайлов рўйхатининг етакчиси Улрих Зигмунд аввалроқ сайлов натижасини «тарихий» деб атаган эди. Унинг айтишича, партияси «ҳозиргидан яхшироқ сиёсат юритишни истайдиган» барча сиёсий кучлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Унинг айтишича, AfD’нинг айрим асосий сиёсий қарашлари, жумладан иммиграцияни кескин қисқартириш масаласи муҳокама қилинмайди ва бу борадаги позицияси ўзгармайди.
«Гап фақат Саксония-Анҳалт ҳақида кетмаяпти. Бу бутун Германия учун берилган сигналдир, — дея таъкидлади у.
Дастлабки натижаларга кўра, Германия Социал-демократик партияси (SPD) 9,3 фоиз овоз олмоқда. «Die Welt» нашрининг ёзишича, «Яшиллар» партияси 8,9 фоиз овоз билан Саксония-Анҳалт ландтаги сайловларида ўзининг энг яхши натижасини кўрсатмоқда. «Сўлчилар» партияси эса 8,6 фоиз овоз олган.
Эркин демократик партия (FDP) 2,6 фоиз овоз билан 5 фоизлик сайлов тўсиғидан ўта олмади ва партиянинг минтақавий бўлими раҳбари Лидия Ҳюскен истеъфога чиқишини эълон қилди. «Сара Вагенкнехт иттифоқи» (BSW) партияси эса Магдебург шаҳрида ландтагга илк бор киришга муваффақ бўлди — у 5,3 фоиз овоз олди. Сайловчиларнинг 77,8 фоизи овоз беришда қатнашди. 2021-йилда бу кўрсаткич 60,3 фоиз эди. Нашрнинг таъкидлашича, бу Германия қайта бирлашганидан бери Саксония-Анҳалтда қайд этилган энг юқори сайловчилар фаоллиги ҳисобланади.
Федерал ер бош вазири лавозимига номзод, AfD’нинг ландтагдаги фракцияси ҳамраиси Улрих Зигмунд ARD телеканали эфирида шундай деди:
«Биз хоҳлаган нарсамизга эришдик. Биз бу федерал ерда тарихга кирдик. Бизга сиёсий бурилиш керак. Натижа ўзи ҳаммасини айтиб турибди».
Ўтган йили AfD ландтагдаги фракциянинг 35 ёшли ҳамраиси Улрих Зигмундни федерал ер бош вазири лавозимига ўз номзоди сифатида тасдиқлаган эди. 2014-йилда у канцлер Ангела Меркелнинг сиёсий йўналишига рози бўлмагани сабабли Христиан-демократик иттифоқ сафидан чиқди. Германия оммавий ахборот воситалари, жумладан «Spikel» нашри, уни аллақачон «Германиядаги энг хавфли одам» деб атаган.
2023-йилда Саксония-Анҳалтдаги AfD бўлими «ўта ўнг экстремистик бирлашма» деб эътироф этилди. Зигмунд ўша йили Потсдам шаҳрида бўлиб ўтган баҳсли ёпиқ учрашувда қатнашган. Ушбу учрашувда AfD вакиллари иштирокида «реэмиграция» концепцияси муҳокама қилинган. Гап «ассимиляция қилинмаган фуқароларни Шимолий Африкага депортация қилиш» ҳақида борган. Шундан кейин Германияда кенг кўламли норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Бундестагда эса AfDни тақиқлаш масаласи бўйича мунозаралар янада фаоллашди. Саксония-Анҳалт бош вазири ва SDUдан номзод Свен Шулце сайловдаги мағлубиятдан кейин шундай деди:
«Мен ҳар томонлама яхшироқ натижани кўришни истардим».
У AfDни ғалаба билан табриклади ва қўшимча қилди:
«Биз, SDU сифатида, бу натижа билан ҳисоблашишимизга тўғри келади. Биз бу ерда бошдан кечирганимиздек сайловолди кампанияси ҳали ҳеч қачон бўлмаган».
Бироқ AfD мутлақ кўпчиликка эга бўла олмайди: «Welt» нашрининг ёзишича, партия ландтагдаги 83 та ўриндан 39 тасини олади. SDU — 15 та, SPD — 8 та, «Яшиллар» — 8 та, «Сўлчилар» — 8 та, «Сара Вагенкнехт иттифоқи» — 5 та ўринга эга бўлади.
«Сиёсатда бизга ишонч керак. Мен сиёсий йўналишни ўзгартиришга интилаётган барча кучларга қўл узатаман», — деди Зигмунд.
Шу билан бирга, у «принциплардан чекиниш» бўлмаслигини таъкидлади. Партия миграция ва ички хавфсизлик каби масалаларда ҳамкорлик қилишга тайёр. AfD раҳбари Алисе Вайдел ZDF телеканали эфирида партия сайловчилардан «аниқ мандат» олганини айтди. Унинг таъкидлашича, AfD Саксония-Анҳалтда қандай бошқариши — озчилик ҳукуматини қўллаб-қувватлаш орқали ёки коалиция таркибида — ҳали номаълум.
«Буни ҳали кўришимиз керак», — деди у.
Ландтагнинг янги таркиби сайловлардан кейин 30-кундан кечиктирмай — 6-октябр куни — йиғилиши керак.





