Глобал инқироз кимнинг чўнтагига ишламоқда? Уруш даврида бойиётган тўрт соҳа

Bugun 19:376 daqiqa

Глобал иқтисодий прогнозлар пасайиб бораётган бир пайтда, баъзи компаниялар молиявий ҳисоботларида мисли кўрилмаган рақамларни эълон қилмоқда. Дунёнинг бир нуқтасидаги уруш бошқа нуқтасидаги бизнес учун ажойиб имкониятга айланди.

Глобал инқироз кимнинг чўнтагига ишламоқда? Уруш даврида бойиётган тўрт соҳа © [Richard Drew/AP]

Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши дунё иқтисодиётига кўрсатаётган таъсирини инобатга олиб, 2026 йил учун глобал ўсиш прогнозини 3,3 фоиздан 3,1 фоизгача пасайтирди.

Уруш Форс кўрфазидаги энергетика инфратузилмасига жиддий зиён етказди. Эрон томонидан бўғознинг ёпилиши ва бунинг ортидан АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг Эрон портларини қамал қилиши оқибатида нефт, газ, кимёвий моддалар ва ўғит каби муҳим маҳсулотлар экспорти тўхтаб қолди.

ХВЖнинг таъкидлашича, уруш чўзилиб кетадиган энг ёмон сценарийда 2026 йилда глобал ўсиш кўрсаткичи 2,5 фоизгача тушиб кетиши мумкин. Бунда хом ашё ва энергия нархларининг ошиши даромади паст ва ривожланаётган давлатларга энг қаттиқ зарба беради. Глобал юк ташиш ва логистика тармоғи эса алоҳида инқирозни бошдан кечирмоқда.

Аммо ҳар қандай иқтисодий инқирознинг ўз манфаатдорлари ҳам бўлади: макроиқтисодий истиқболларнинг ёмонлашувига қарамай, дунё иқтисодиётининг айрим тармоқлари ноаниқлик шароитида ҳам гуллаб-яшнамоқда.

Қуйида иқтисодий вазиятнинг оғирлашувига қарамай — ёки айнан шунинг шарофати билан — даромади ошаётган бешта соҳа кўриб чиқилади.

Уолл-стрит инвестиция банклари

АҚШ президенти Доналд Трампнинг ўтган йили бошланган иккинчи президентлик муддатидан бери глобал инвесторлар тинимсиз тебранишларни бошдан кечирмоқда. Президентнинг бугун ултиматум қўйиб, эртасигаёқ фикридан қайтадиган беқарор қарорлари трейдерларни «TACO савдоси» деган атамани ўйлаб топишга ундади. TACO — инглизча «Trump Always Chickens Out» (Трамп доим ортга чекинади) жумласининг қисқартмасидир.

Сўнгги пайтлардаги тебранишлар баъзи инвесторларни хавотирга солаётган бўлса-да, бу ҳолат инвестиция банклари учун айни муддао бўлди. «Morningstar Research Services» компаниясининг акцияларни ўрганиш бўйича директори Шон Данлапнинг сўзларига кўра, савдо ҳажмининг кескин ошиши ортидан банклар воситачилик ҳақи ва бошқа тушумлардан миллионлаб даромад кўрмоқда.

«Мижозлар ўз позицияларини қайта кўриб чиқишни хоҳлайди, шунинг учун улар тез-тез савдо қилади. Спредлар, яъни сотиб олиш ва сотиш нархлари ўртасидаги фарқ одатда ошиб боради ва бу банклар каби савдо воситачиларининг даромадини кўпайтиради», — деди у «Al Jazeera» нашрига берган изоҳида.       

Шу ҳафта эълон қилинган 2026 йилнинг биринчи чораги натижаларига кўра, «Morgan Stanley» 5,57 миллиард доллар фойда кўрган (бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 29 фоизга кўп). «Goldman Sachs» эса 5,63 миллиард доллар фойда кўриб, 19 фоизлик ўсишни қайд этган. «JP Morgan Chase» ҳам биринчи чоракда 16,49 миллиард доллар даромад олиб, ўтган йилга нисбатан 13 фоизлик ўсишга эришди.

Банкларнинг барчаси бундай юқори фойдани савдо ва битимлар тузиш ҳажмининг юқорилиги ҳамда «мижозларнинг фаол иштироки» билан изоҳламоқда. Бироқ, агар беқарорлик жуда узоқ давом этса, банкларнинг бу олтин даври поёнига етиши мумкин. Шон Данлапнинг огоҳлантиришича, бундай вазиятда инвесторлар тобора эҳтиёткор бўлиб қолади ва савдо қилиш учун қарз олишга камроқ мойиллик билдиради.

Аэрокосмик ва мудофаа саноати

Украина, Эрон, Судан, Ғазо ва Ливандаги йирик можаролар ҳамда глобал мудофаа харажатларининг кескин ошиши ортидан бу йил аэрокосмик ва мудофаа саноати жадал ривожланаётгани табиий ҳолдир.

ХВЖнинг апрел ойидаги ҳисоботига кўра, дунё мамлакатларининг салкам ярми сўнгги беш йил ичида ўз ҳарбий бюджетларини оширган. Бу эса улар дронлардан тортиб ракеталаргача бўлган барча турдаги қурол-яроғларни ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сотиб олаётганини англатади. Айниқса, Европада талаб жуда тез ўсмоқда. У ерда НАТО давлатлари 2035 йилга бориб мудофаа харажатларини ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 5 фоизигача етказиш мажбуриятини олган.

Ўз навбатида, мудофаа саноати фонд биржасида ҳам катта фойда кўрмоқда. Дунёнинг 23 та бозоридаги аэрокосмик ва мудофаа саноати акцияларини кузатиб борувчи «MSCI World Aerospace and Defence Index» индекси март ойи охирида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 32 фоизлик соф фойдани қайд этди. Ушбу мудофаа индекси худди шу 23 та бозордаги 1300 та йирик ва ўрта капиталга эга компанияларни кузатиб борувчи «MSCI World Index» индексини ҳам ортда қолдирди. Глобал фонд бозорлари ҳақида кенгроқ тасаввур берувчи мазкур индекс худди шу давр мобайнида 18,9 фоизлик соф фойда кўрсаткичини қайд этган эди.

Сунъий интеллект

Ўтган йили БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) сунъий интеллект тармоғи 2023 йилдаги 189 миллиард доллардан 2033 йилга бориб 4,8 триллион долларгача ўсишини тахмин қилган эди. Эрон уруши бу прогнозга таъсир қилмаган кўринади.

«Эрон уруши оқибатидаги силкинишларга қарамай, сунъий интеллект ва қайта тикланадиган энергия каби кўплаб соҳаларда ҳамон барқарорлик сақланиб қолаётганини кўрмоқдамиз», — дейди «Economist Intelligence Unit»нинг (EIU) глобал савдо бўйича бош таҳлилчиси Ник Марро.

Унинг сўзларига кўра, Шарқий Осиёдан ҳамон юқори ҳажмда экспорт қилинаётган яримўтказгичли чиплар сунъий интеллект соҳасидаги кескин ўсишнинг асосий кўрсаткичларидан биридир. «EIU» таҳлилларига кўра, бу рўйхатнинг энг юқори поғонасида чип ишлаб чиқарувчи йирик марказ — Тайван жойлашган. Мамлакат март ойида 80,2 миллиард долларлик рекорд даражадаги товар экспортини қайд этган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 61,8 фоизга кўпдир. Таъкидланишича, бу ўсишга асосан АҚШга йўналтирилган ва ўтган йилга нисбатан 124 фоизга ошган экспорт сабаб бўлган.

Дунёдаги энг йирик чип ишлаб чиқарувчи ва кўпроқ «TSMC» қисқартмаси билан танилган «Taiwan Semiconductor Manufacturing Company» пайшанба куни 2026 йилнинг дастлабки уч ойи учун 572,8 миллиард Янги Тайван доллари (18,1 миллиард АҚШ доллари) миқдорида соф фойда кўрганини эълон қилди. Бу маҳаллий валютада ўтган йилга нисбатан 58 фоизлик ўсишни англатади.

Яна бир кўрсаткич — акцияларни бирламчи оммавий жойлаштириш (IPO) ҳам айни пайтда ушбу соҳада ишонч юқори эканини кўрсатмоқда. Тармоқнинг етакчилари бўлмиш «Anthropic» ва «OpenAI» компаниялари жорий йилда ўз акцияларини оммавий савдога чиқаришни режалаштирмоқда.

Қайта тикланадиган энергия

Эрон уруши қазиб олинадиган ёқилғидан воз кечиш нафақат экологик сабабларга кўра, балки энергетика хавфсизлиги нуқтаи назаридан ҳам ўта зарур эканини кўрсатди. Мазкур уруш COVID-19 пандемияси ва 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин ушбу ўн йилликдаги учинчи йирик энергетика инқирозига айланди.

«EIU» вакили Марронинг таъкидлашича, Эрон уруши «қазиб олинадиган ёқилғидан тезроқ воз кечиш ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш зарурати туфайли» ушбу соҳа ривожини «тезлаштирди». Халқаро энергетика агентлиги (ХЭА) хабарларига кўра, Эрон уруши бошланишидан аввал ҳам дунё ҳукуматлари геосиёсий сабабларга асосланиб, қайта тикланадиган энергияга сармоя киритиш бўйича фаол чоралар кўраётган эди.

ХЭАнинг шу ой эълон қилинган ҳисоботида келтирилишича, «150 та давлат қайта тикланадиган ва ядровий энергияни ривожлантириш бўйича фаол сиёсат олиб бормоқда, 130 та мамлакатда энергия самарадорлиги ва электрлаштириш бўйича дастурлар мавжуд, 32 та давлат эса муҳим минераллар ва тоза энергия технологиялари бўйича таъминот занжири барқарорлигини ҳамда диверсификациясини рағбатлантириш сиёсатини юритмоқда».

Эрон уруши Осиёда янги сиёсий қарорлар тўлқинини келтириб чиқарди. Сабаби, одатда Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган нефт ва газнинг 80–90 фоизини айнан шу минтақа харид қилади. Бўғоз ёпилганидан бери минтақа муқобил энергия манбаларини топишда қийналмоқда ва бу ҳукуматларни ёқилғини меъёрлаш ҳамда нархларга чеклов ўрнатиш каби шошилинч чораларни кўришга мажбур қилмоқда.

Жанубий Корея, Таиланд, Ҳиндистон, Камбоджа, Индонезия, Виетнам ва Филиппин уй шароитида ўрнатиладиган қуёш панеллари учун солиқ имтиёзлари беришдан тортиб, қайта тикланадиган энергия бўйича янги лойиҳаларни ишга тушириш, ҳаттоки ядро реакторларини қайта ишлатишгача бўлган турли чора-тадбирларни эълон қилди.

Сиёсий қарорларнинг бундай фаоллашуви қайта тикланадиган энергия саноатига ижобий таъсир кўрсатди. Ривожланаётган ва тараққий этган бозорларда қуёш, шамол, гидро, биомасса ва бошқа турдаги тоза энергия ишлаб чиқарувчи 100 та компанияни кузатиб борувчи «S&P Global Clean Energy Transition Index» индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 70,92 фоизга ўсди.

Teglar

Mavzuga oid