АҚШ–Эрон можаросининг 48-куни

Kecha 22:006 daqiqa

Покистон воситачилигида АҚШ ва Эрон ўртасидаги мулоқот жадаллашмоқда; Исломободда музокараларнинг янги раунди бошланишига нисбатан ишонч ортиб бормоқда.

АҚШ–Эрон можаросининг 48-куни

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларни қайта тиклашга қаратилган саъй-ҳаракатлар жадаллашмоқда. Бу жараёнда Покистон яна бир бор муҳим воситачилик ролини ўз зиммасига олган — мамлакат раҳбарияти Теҳронда ва Форс кўрфази давлатларида юқори даражадаги учрашувлар ўтказмоқда.

Урушни тугатиш йўлидаги янги ташаббуслар фонида, Покистон армияси қўмондони фелдмаршал Осим Мунир бошчилигидаги делегация Теҳронга ташриф буюрди. Унинг АҚШдан келган муҳим хабарларни етказиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф Саудия Арабистони, Қатар ва Туркияни ўз ичига олган минтақавий ташриф доирасида Ар-Риёдга етиб келди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Исмоил Бағоийнинг сўзларига кўра, Исломободдаги музокаралар якунланганидан бери Теҳрон ва Вашингтон ўзаро алоқада бўлиб турибди. 15 апрел куни Вашингтон Покистон пойтахтида музокараларнинг янги босқичи бошланиши борасида ижобий сигнал берди.

Бироқ, дипломатик интилишлар кескинлик ортиб бораётган бир пайтда юз бермоқда: Эрон АҚШнинг денгиз қамалига нисбатан жавоб чораларини ўз ҳудудий сувларидан ташқарига ҳам ёйиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Вашингтонда эса фикрлар бўлиниши давом этмоқда — АҚШ Сенати Конгресс розилигисиз уруш олиб бориш ваколатини чеклаш тўғрисидаги таклифни рад этди.

Эрондаги вазият

  • Ҳўрмуз бўғозида кескинлик сақланиб қолмоқда: Маслаҳатчи Моҳсен Ризоий агар Вашингтон денгиз қамалини давом эттирса, Эрон АҚШ кемаларини нишонга олиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу огоҳлантириш АҚШ Эрон портлари билан алоқадор кемаларга нисбатан чекловларни кучайтирган, натижада кўплаб кемалар ортга қайтарилган бир пайтда янграмоқда.

  • Ядровий масалада эҳтимолий силжиш: Таҳлилчи Аббос Асланийнинг айтишича, агар Вашингтон келишувга жиддий ёндашса, Теҳрон ядровий шаффофликни таъминлашга тайёр. Бироқ АҚШнинг янги санкциялари ва портлар қамали ўзаро ишончсизликни янада кучайтирмоқда.

«Ҳозирда томонлар ўртасида кучли ишончсизлик мавжуд. Эрон ҳар қандай сценарийга — музокаралардаги ижобий силжишга ҳам, ҳарбий можарога қайтишга ҳам тайёр», — деди у «Al Jazeera» телеканалига берган интервюсида.

  • Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи хитойлик ҳамкасби Ван Йи билан телефон мулоқоти чоғида АҚШнинг Форс кўрфази ва Ҳўрмуз бўғозидаги «иғвогарона ҳаракатлари» оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.

Уруш дипломатияси

·         Музокараларнинг иккинчи раунди: Оқ уй АҚШ Эрон билан тинчлик музокараларининг иккинчи босқичини ўтказиш имкониятини муҳокама қилаётгани ва келишувга эришиш борасида ижобий кайфиятда эканини билдирди.

·         Хитой тинчлик музокаралари суръатини қўллаб-қувватлайди: Хитой Ташқи ишлар вазири Ван Йи эронлик ҳамкасби билан суҳбатда Пекин «ўт очишни тўхтатиш ва тинчлик музокаралари суръатини сақлаб қолишни қўллаб-қувватлашини» таъкидлади.

·         Саудия валиаҳд шаҳзодаси ва Покистон бош вазири учрашди: Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ва Шаҳбоз Шариф Жиддада минтақавий масалаларни, жумладан, АҚШ–Эрон музокараларини муҳокама қилди. Саудия ахборот агентлигининг хабар беришича, Покистон мезбонлик қилаётган музокаралар учрашувнинг диққат марказида бўлган.

·         АҚШ ва Қатар: АҚШ президенти Доналд Трамп Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний билан минтақадаги воқеалар ва энергетика масалаларини, хусусан, нефт бозори ва газ нархларини муҳокама қилди.

АҚШдаги вазият

·         Янги санкциялар: АҚШ расмийлари эронлик кемасозлик магнати Муҳаммад Ҳусайн Шамхонийнинг нефт ташиш тармоғига алоқадор бўлган 20 дан ортиқ шахс, шунингдек, компаниялар ва кемаларни нишонга олди.

·         10 та кема Эрон портларига киритилмади: АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотларига кўра, денгиз қамалининг дастлабки 48 соати ичида 10 та кема тўхтатилган ёки йўналиши ўзгартирилган. Ҳозиргача Эрон портларидан бирорта ҳам кема чиқиб кетишига йўл қўйилмаган.

·         Конгрессдаги бўлиниш: Сенат АҚШнинг урушдаги иштирокини чеклашга қаратилган уринишларни рад этди ва Исроилга қурол сотишни тўсиш бўйича таклифларни блоклади. Шунга қарамай, тобора кучайиб бораётган эътирозлар сиёсий босим йўналиши ўзгараётганидан далолат бермоқда.

Исроилдаги вазият

·         «Муштарак» мақсадлар: Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху Эронни жиловлаш масаласида Исроил ва АҚШ тўлиқ ҳамфикр эканини таъкидлади.

·         Сулҳ учун босим ва давом этаётган жанглар: Халқаро босимларга қарамай, Нетаняху Исроил ҳарбий операцияларни давом эттиришини таъкидлади.

·         «Ҳизбуллоҳ»ни тугатиш: Исроил бош вазири сўнгги ўн йилликлардаги илк тўғридан-тўғри музокаралар чоғида Ливандаги асосий устувор вазифа «Ҳизбуллоҳ»ни бутунлай қуролсизлантириш ва тарқатиб юбориш эканини айтди.

«Бизнинг иккита асосий мақсадимиз бор: биринчиси — «Ҳизбуллоҳ»ни тугатиш; иккинчиси — кучга таянган ҳолда барқарор тинчликка эришиш», — деди у.

Ливандаги вазият

·         Тўхтовсиз зарбалар: Ливаннинг жанубий ва шарқий ҳудудлари, хусусан, Кафр-Сир ва Набатия аҳоли пунктлари узлуксиз ҳаво ҳужумлари ва артиллерия зарбалари остида қолмоқда. Майфадунга қилинган ҳужум оқибатида тўрт нафар тиббиёт ходими ҳалок бўлди. Шунингдек, мазкур ҳудудда Исроилнинг ҳарбий техникаси ва булдозерлари жадал ҳаракатланмоқда.

·         Ливаннинг маъмурий ислоҳотлар бўйича вазири Фади Макки Ливан жанубида тиббиёт ходимларининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумни «навбатдаги уруш жинояти» деб атади.

·         «Энди мавжуд бўлмаган уйлар»: «Ҳатто ўт очишни тўхтатишга эришилган тақдирда ҳам, ҳақиқат даҳшатли... Чегара бўйидаги бутун бошли аҳоли пунктлари вайрон қилинган», — деб хабар беради «Al Jazeera» мухбири Мальколм Уэбб. Унинг қўшимча қилишича, Исроил Литани дарёсигача бўлган ҳудудни назорат қилиш мақсадига ҳали эришгани йўқ.

·         БМТнинг уй-жой ҳуқуқи бўйича махсус маърузачиси Балакришнан Ражагопал БМТнинг бошқа экспертларига қўшилиб, Исроилни Ливанни бомбалашни зудлик билан тўхтатишга чақирди. Ражагопалнинг ёзишича, Исроил армияси Ливан жанубида ҳам худди Ғазо ва босиб олинган Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги каби «бир хил стратегия»ни қўлламоқда.

·         Дипломатик кескинлик: «Ҳизбуллоҳ» АҚШ мезбонлигидаги Исроил-Ливан музокараларини «шармандали» деб қоралади. Шу билан бирга, АҚШ Сенатида Исроилга булдозерлар сотишни тўхтатиш бўйича овоз беришнинг муваффақиятсиз якунлангани тинч аҳолига етаётган зарар борасида хавотирлар кучаяётганини кўрсатмоқда.

Глобал иқтисодиёт

·         Очлик хавфи кучаймоқда: Жаҳон банки бош иқтисодчиси AFP агентлигига берган интервюсида урушнинг иқтисодий оқибатлари бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларни очлик ёқасига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.

«Ҳозирнинг ўзида қарийб 300 миллион одам озиқ-овқат танқислигидан азият чекмоқда. Урушнинг занжирли таъсири натижасида бу кўрсаткич жуда тез фурсатда 20 фоизга ошиши мумкин», — деди Индермит Гилл.

·         Уолл-стрит рекордлари: АҚШ ва Эрон ўртасидаги можарода келишувга эришилишига нисбатан умидлар кучайган бир пайтда, Уолл-стритнинг асосий фонд индекслари 15 апрел кунги савдоларни рекорд даражадаги юқори кўрсаткичлар билан якунлади.

 

Teglar

Mavzuga oid