Денгиз қамали Теҳронни янги йўллар излашга мажбур қилди: Эрон Россиядан кўмак кутмоқда

Kecha 22:204 daqiqa

Россия Украинада уруш бошлагандан кейин нефтини Эрон орқали экспорт қилгани каби, Теҳрон ҳам ҳозир шунга ўхшаш схема орқали санкциялар ва қамал таъсирини юмшатиши мумкин.

Денгиз қамали Теҳронни янги йўллар излашга мажбур қилди: Эрон Россиядан кўмак кутмоқда

АҚШ томонидан денгиз қамали жорий этилганидан сўнг, Эрон ўз нефтини экспорт қилишнинг муқобил йўлларини изламоқда. АҚШ Марказий қўмондонлиги (CENTCOM) маълумотларига кўра, қамал бошланганидан бери Эрон портларидан чиққан 10 та кема ортга қайтишга мажбур бўлган. Шу тариқа, Эрон икки кундан ортиқ вақтдан бери Ҳўрмуз бўғози орқали юк таший олмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон нефт экспортининг 90 фоиздан ортиғи айнан шу бўғоз орқали танкерларда амалга оширилар эди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, агар вазият шу тарзда давом этса, Эрон икки ойдан кейин нефт қазиб олишни камайтиришга мажбур бўлади. Бу вақтга келиб қуруқликдаги резервуарлар ва бўш танкерлар тўлиб бўлади, натижада қазиб олинаётган хом ашёни сақлаш учун жой қолмайди. Қамал бошлангунга қадар Эронда кунлик нефт қазиб олиш ҳажми 2 миллион баррелни ташкил этган.

Теҳроннинг «муқобил» режаси

Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси аъзоси ҳамда Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) генерали Эсмаил Ковсари қамал Теҳроннинг экспорт имкониятларига жиддий таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Эрон 10 дан ортиқ давлат билан «қўшничилик ва савдо алоқалари»ни йўлга қўйган бўлиб, бу санкцияларни юмшатишга имкон беради.

Ковсари, аввалроқ, Украинадаги можаро бошланганидан сўнг, Россия ўз нефтини Эрон орқали экспорт қилганини эслатиб ўтди. Энди Эрон ҳам худди шундай усулда хом ашёни Россия ва бошқа давлатлар орқали, жумладан, қувурлар ёрдамида етказиб бериши мумкин.

«Бу муаммо эмас», — дея таъкидлади генерал Эрон давлат телевидениесига берган интервюсида.

1

Бироқ, Ковсарининг баёнотлари ҳаддан ташқари оптимистик кўриниши мумкин. Чунки Эронда нефт қазиб олишнинг асосий қувватлари Форс кўрфази минтақасида жойлашган ва ушбу ҳудуддан Россия орқали экспорт қилиш логистик жиҳатдан деярли имконсиз. Эрон нефтнинг бир қисмини Каспий денгизи орқали Россиянинг қувурлар тизимига йўналтириши ва кейинчалик Новороссийск портига чиқариши мумкин, аммо бу вариант қамал оқибатларини фақат жузиъй даражада юмшата олади, холос.

АҚШнинг стратегик мақсадлари

Шуни таъкидлаш жоизки, ҳарбий-денгиз қамалини ўрнатиш орқали АҚШ Ҳўрмуз бўғозини блокдан чиқариш ва Эронни ядровий дастур бўйича ён беришга мажбур қилишни кўзламоқда. Ушбу режа, шунингдек, иқтисодий шароитнинг кескин ёмонлашуви ички сиёсий ихтилофларни келтириб чиқариши ва амалдаги режимнинг барқарорлигини синовдан ўтказишига бўлган яширин умидни ҳам ўз ичига олади.

Узоқ муддатли истиқболда эса, бу Эрон раҳбариятининг АҚШ ва Исроил томонидан узоқ давом этган бомбардимонлардан сўнг мамлакатни тиклаш учун иқтисодий ўсишга бўлган объектив эҳтиёжига таянади.

Шунга қарамай, Эрон етакчилари вазиятни айнан шундай баҳолайди, деган тахмин ҳали эрта бўлиши мумкин. CNN телеканали ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари ва мустақил экспертларга таяниб хабар беришича, инқилобий ҳокимият минглаб одамлар қурбон бўлган кетма-кет сиёсий ҳаракатларни амалга ошириш орқали ўз халқининг машаққатларига бефарқ эканини аллақачон намойиш этган. Уруш давомида кўплаб юқори мартабали амалдорларнинг ҳалок бўлганига қарамай, Эрон ҳукуматининг омон қолиш қобилияти унинг «оғриқ чегараси» ўта юқори эканидан далолат беради.

Эҳтимол, АҚШ Эрон раҳбариятининг ўз мавжудлиги учун кураш сифатида қабул қилаётган бу тўқнашувдаги бардошини яна бир бор паст баҳолаётган бўлиши мумкин.

Америка қамалининг натижаси кўп жиҳатдан вақт омилига боғлиқ. Ушбу режа Эроннинг имкониятларини тўғридан-тўғри ҳарбий ҳаво ҳужумларига қараганда самаралироқ чеклай бошлаши эҳтимоли мавжуд.

2

«Ҳарбий нуқтаи назардан, уларнинг юзига аслида ёғоч тахта билан зарба берилди, аммо биз уларнинг иқтисодиётини ҳақиқатда бўғиб қўйишга ҳали муваффақ бўлолмадик. Шу боис, менимча, улар ҳали ҳам енгларида ўз "козирлари" бор деб ҳисоблашмоқда», — деди НАТО кучларининг собиқ олий бош қўмондони, истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис.

Денгиз қамали Эрон олдига янги стратегик дилеммани қўймоқда. Вазиятни кескинлаштириш вариантлари ўта хатарли, чунки улар кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларнинг қайта бошланишига ҳамда АҚШ ва Исроил билан тузилган сульҳнинг бузилишига олиб келиши мумкин. Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кучлари ўз портларининг блокланишига жавобан Форс кўрфази минтақасидаги АҚШ иттифоқчиларига ҳужум қилиши эҳтимоли мавжуд.

«Қизил денгиз» сценарийси

Яна бир эҳтимолий сценарий — Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ямандаги ҳусийчиларнинг Қизил денгиз орқали нефт контрабандасининг муқобил йўлини тўсиб қўйишидир. Бундай қадам дунё иқтисодиётига ҳалокатли зарба беради ва шубҳасиз, Доналд Трампга бўлган сиёсий босимни кескин кучайтиради, чунки можаро назоратдан бутунлай чиқиб кетиш хавфи остида қолади.

Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси аллақачон Боб ал-Мандаб бўғозини ёпиб қўйиш имконияти ҳақида огоҳлантирган, бироқ ҳозирча Теҳрон вазминлик намойиш этиб, АҚШ билан музокаралар учун эшикни очиқ қолдирмоқда.

Teglar

Mavzuga oid