Logo

Ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 млн сўмдан мукофот берилади

Bugun 15:312 daqiqa

4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болалар компютер, уларнинг устозлари туман босқичи учун 10 млн, вилоят учун 50 млн, республика учун 100 млн сўм мукофот олади. Айрим ўқитувчи ва педагогларнинг маошига 100 фоиз устама қўшилади.

Ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 млн сўмдан мукофот берилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда фундаментал фанлар ўқитувчилари учун рағбатнинг янги тизими жорий этилади. Бу ҳақда 30-сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Янги Ўзбекистон университетида ўқитувчи ва мураббийлар билан учрашувда маълум қилди.

Унга кўра, миллий сертификатга эга педагогларга 50 фоиз устама тўланади, ҳар йили 208 та туман ва шаҳарнинг лидер ўқитувчиларига 30 миллион сўмдан мукофот берилади. Яна 1 минг ўқитувчи хорижда стажировка ўтайди. Камида 15 йиллик стажга эга педагогларнинг фарзандларига олийгоҳ контракти учун фоизсиз кредит ажратилади. Хорижий ва миллий сертификат олган муаллимларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қопланади.

Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Менделеев номидаги халқаро ва минтақавий олимпиадалар ғолибларини тайёрлаган педагоглар тўғридан-тўғри олий тоифа олади. Президент ушбу ташаббуслар қарийб 100 минг ўқитувчига муносиб рағбат бўлишига ишонч билдирди. Таъкидланишича, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш учун болалар математика, физика, кимё ва биологияни мактабданоқ чуқур ўзлаштириши зарур. Шу мақсадда синфда 25 нафардан ортиқ ўқувчи бўлса, ушбу фанлар икки гуруҳга бўлиб ўқитилади.

Бошланғич синф ўқувчилари учун ҳам фан олимпиадалари йўлга қўйилади. Келаси йилдан 4-синфлар олимпиадасининг туман босқичида ғолиб бўлган болалар компьютер олади. Уларнинг устозларига туман босқичи учун 10 миллион, вилоят учун 50 миллион, республика учун 100 миллион сўм мукофот берилади.

Янги ўқув йилидан 100 та мактабнинг биттадан синфида математика, информатика ва табиий фанлар тўлиқ инглиз тилида ўқитилади. Лойиҳага жалб этилган ўқитувчилар ҳамда мактабга тайёрлов гуруҳи педагогларининг маошига 100 фоиз устама қўшилади.

Мактаблар педагогик жамоанинг салоҳияти ҳамда ўқувчиларнинг таълим ва тарбиядаги натижаларига қараб тоифаларга ажратилади. Илғор мактаб бошқа мактабларга ўз тажрибасини ўргатиб, уларни юқори тоифага олиб чиқса, унинг педагогик жамоаси 30 фоиз устама олади.

Teglar

Mavzuga oid