Logo

Ҳарорат кескин ошиши сабабли Қорақалпоғистондаги айрим боғчалар вақтинча ёпилади

Bugun 10:502 daqiqa

Қорақалпоғистоннинг қатор шаҳар ва туманларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари бир неча кунга фаолиятини тўхтатади. Чора болалар саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жорий этилмоқда.

Ҳарорат кескин ошиши сабабли Қорақалпоғистондаги айрим боғчалар вақтинча ёпилади © Ijtimoiy tarmoqlar

Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги маълум қилишича, ҳаво ҳароратининг кескин ошиши муносабати билан бир қатор ҳудудлардаги давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари вақтинча ёпилади.

Шаҳар ва туман ҳокимларининг қарорларига мувофиқ, боғчалар қуйидаги муддатларда фаолият юритмайди:

●     Нукус шаҳри — 2026 йил 13 июлдан 18 июлгача;

●     Амударё тумани — 13 июлдан 15 июлгача;

●     Беруний тумани — 13 июлдан 17 июлгача;

●     Хўжайли тумани — 13 июлдан 18 июлгача;

●     Тахиатош тумани — 13 июлдан 17 июлгача;

●     Шуманай тумани — 13 июлдан 17 июлгача;

●     Мўйноқ тумани — 13 июлдан 17 июлгача;

●     Қонликўл тумани — 13 июлдан 17 июлгача;

●     Тўрткўл тумани — 13 июлдан 17 июлгача.

Вазирликка кўра, мазкур қарор болаларни экстремал иссиқнинг салбий таъсиридан асраш ҳамда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Боғчалар фаолиятини вақтинча тўхтатиш санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати хулосалари ҳамда тавсиялари асосида амалга оширилади.

Шунингдек, ота-оналарга фарзандлари саломатлигига алоҳида эътибор қаратиш, куннинг энг иссиқ соатларида уларни очиқ ҳавода узоқ вақт қолдирмаслик ва барча эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия этилди.

Ўзгидромет” 13–17 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига жанубдан жуда иссиқ ҳаво оқимлари кириб келиши ҳақида огоҳлантирди. Прогнозга кўра, энг иссиқ кунларда республика ҳудудининг катта қисмида ҳаво ҳарорати 41–43 даражагача, шимолий, жанубий ва чўл ҳудудларида эса 44–46 даражагача кўтарилиши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid