Logo

Илҳом Алиев Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди

Kecha 22:322 daqiqa

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқалар, TRIPP транспорт лойиҳаси ва минтақада транспорт боғлиқлигини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Илҳом Алиев Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди

Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва АҚШ президенти Доналд Трамп 8-август куни телефон орқали суҳбатлашиб, Боку ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ҳамда «Трамп йўли» (TRIPP) лойиҳаси доирасидаги ишларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Озарбайжон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Алиев Вашингтон тинчлик саммитини ўтказгани ва минтақада тинчлик ўрнатиш жараёнига ҳисса қўшгани учун Трампга миннатдорлик билдирди. Трамп эса ўз навбатида Алиевнинг тинчлик жараёнидаги ролини юқори баҳолади.

Икки давлат раҳбари ўтган бир йил давомида минтақада тинчлик ва барқарорлик таъминланганини, Жанубий Кавказда тинчликка зарар етказиши мумкин бўлган ҳеч қандай жиддий ҳодиса содир бўлмаганини мамнуният билан қайд этди. Тинчлик жараёнидаги ижобий ўзгаришлар сифатида Озарбайжон нефт маҳсулотларининг Арманистонга экспорт қилиниши, Озарбайжон ҳудуди орқали Арманистонга транзит юк ташиш йўлга қўйилгани ва икки давлат ўртасида савдо алоқалари бошлангани қайд этилди.

«Телефон суҳбати давомида минтақавий транспорт алоқаларини ривожлантириш нуқтаи назаридан TRIPP лойиҳасининг муҳимлиги ҳам таъкидланди. Озарбайжон ҳудудида транспорт инфратузилмасини яратиш бўйича ишлар якуний босқичда экани қайд этилди. Арманистон ҳудудида TRIPP лойиҳаси бўйича ишлар тез орада бошланишига умид билдирилди», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбарлари икки томонлама муносабатларга оид масалаларни ҳам муҳокама қилди.

«Озарбайжон ва АҚШ ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги ҳужжат имзоланиши тарихий воқеа сифатида баҳоланди. Озарбайжон–Америка муносабатлари сифат жиҳатидан янги ва юқори босқичга кўтарилгани ҳамда стратегик тус олгани таъкидланди. Шу муносабат билан мазкур шериклик кенг минтақада тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшаётгани қайд этилди», — дейилади Озарбайжон Президенти матбуот хизмати хабарида.

Алиев, шунингдек, Трампга 2026-йил декабрь ойида Майамида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф қилгани учун миннатдорлик билдирди. Бу Озарбайжонга нисбатан яхши муносабатнинг намоёни сифатида баҳоланди.

Хабарда таъкидланишича, телефон суҳбати якунида Озарбайжон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари келгусида ҳам муваффақиятли ривожланишига ишонч билдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Трамп билан телефонда суҳбатлашганди.

Teglar

Mavzuga oid

Илҳом Алиев Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди | Vaqt.uz